Тошкентда автобус пиёдани уриб юборди: аёл шифохонада вафот этди
30 сентябрь куни Тошкент шаҳрида MAN русумли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 1992 йилда туғилган аёл вафот этган.

Маълум қилинишича, соат тахминан 17:00 да 8-автобус саройига тегишли, 6-йўналишда ҳаракатланаётган автобус Ахмад Дониш кўчасида пиёдалар учун белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган аёлни уриб юборган. Бу ҳақда Platina.uz манбаси хабар қилди.
Жабрланувчи шифохонага олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
Автобусни 1987 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарган.
Ҳодиса юзасидан 8-автобус саройи ҳайдовчиларига йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қўшимча тушунтиришлар берилган. Хусусан, чорраҳалар, светофорлар ва пиёдалар ўтиш жойларида тезликни пасайтириш ҳамда ҳушёрликни ошириш сўралган.
Шунингдек, ҳайдовчиларга Шота Руставели кўчасида пиёдаларнинг светофорнинг тақиқловчи сигналига риоя қилмаётган ҳолатларига ҳам эътибор қаратилган.
Масъуллар йўл ҳаракатида ҳам ҳайдовчи, ҳам пиёда қоидаларга амал қилиши инсон ҳаёти хавфсизлиги учун муҳим эканини таъкидлаган.




