Самарқандда мактаб ўқувчилари ЙТҲга учради: бир киши ҳалок бўлди
Манбага кўра, рулда бўлган ўсмир ЙҲХБ ходимининг ўғли бўлиб, у аввал ҳам машина ҳайдаб юрган. Бу ҳолат атрофдагиларга ҳам маълум бўлган, бироқ унга чора кўрилмаган.

Тойлоқ туманидаги 15-мактабнинг беш нафар 8-синф ўқувчиси ўтирган Gentra машинаси ЙТҲга учради. Ҳодиса 12 ноябрга ўтар кечаси туманнинг Нурли йўл маҳалласи ички йўлида содир бўлган.
Таъкидланишича, автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмир бошқарган. У рул бошқарувини йўқотган, сўнг машина йўл четидаги дарахтга урилган. Ҳодиса оқибатида ўқувчилардан бири — 13 ёшли бола машина ичида қисилиб қолиб, ҳалок бўлган. Ўқувчилардан икки нафари жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Kun.uz нашрининг манбасига кўра, рулда бўлган ўсмир ЙҲХБ ходимининг ўғли бўлиб, у аввал ҳам машина ҳайдаб юрган. Бу ҳолат атрофдагиларга ҳам маълум бўлган, бироқ унга чора кўрилмаган.
Самарқанд вилояти таълим ва илм-фан бошқармасига кўра, 4 нафар ўқувчининг аҳволи яхши бўлгани сабабли улар шифохонадан уйларига жавоб берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.





