Намангандаги зўравонлик ҳодисасидан сўнг бир киши қамоққа олинди
Ҳозирда жиноят иши Наманган вилояти прокуратурасининг иш юритувига ўтказилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов устидан назорат шахсан Бош прокурор томонидан ўрнатилган.

2026 йил сентябрь ойида Наманган вилояти Учқўрғон тумани ИИБ ТБ томонидан тумандаги боғчада вояга етмаган шахс зўрланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 118 (Номусга тегиш) ва 112-модда (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) лар билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши Наманган вилояти прокуратурасининг иш юритувига ўтказилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов устидан назорат шахсан Бош прокурор томонидан ўрнатилган.
Прокуратура томонидан жиноят иши ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона тергов қилиниши ҳамда вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланади.
Жиноятга алоқадорлиги, унинг ҳолатларини яшириш ёки масъул шахсларнинг ҳаракатсизлиги билан боғлиқ ҳар бир аниқланган ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.
Тергов натижалари ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда маълум қилинади.
Аввалроқ мазкур иш юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига тақдимнома киритганди.
Унда республиканинг барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини қатъий таъминлаш чораларини кучайтирилиш зарурлиги қайд этилган.




