Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига тақдимнома киритди
Унда республиканинг барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини қатъий таъминлаш чораларини кучайтирилиш зарурлиги қайд этилди.

Болалар омбудсмани томонидан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига тақдимнома киритилди.
Болалар омбудсмани ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчи болага нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик юзасидан ММТВга жорий йилнинг 22-сентябрь куни тегишли таъсир ҳужжати - тақдимнома киритди.
Мазкур ҳужжат орқали Болалар омбудсмани:
Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан ўтказилаётган хизмат текшируви натижаларини танқидий кўриб чиқиш, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли чоралар кўрилишини ҳамда масъул ходимларнинг белгиланган тартибда жавобгарлиги масаласини таъминлашни сўраган.
Шунингдек, мазкур ҳодисанинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, келгусида ушбу ҳолатларга такроран йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўриш талаб этилган.
Жумладан,
-республиканинг барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини қатъий таъминлаш чораларини кучайтирилиш;
-мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ўз касбий вазифаларини бажариши устидан масъуллар томонидан манзилли текширувлар ташкил этиш;
-мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ички назорат механизмлари қайта кўриб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги кўрсатилган.
Қонунчиликка мувофиқ, тақдимнома ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида Вазирлик 15 кунлик муддатда Болалар омбудсманига барча ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда маълумот бериши зарурлиги белгиланган.
Аввал Намангандаги зўравонликка дахлдор дея гумон қилинган ходимлар ишдан бўшатилгани хабар берилганди.
Бу каби салбий ҳолатлар бошқа боғчаларда ҳам такрорланмаслиги учун махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонида барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.




