Фарғонадаги боғчаларда болалар оммавий касаллангани ўрганилмоқда
Беморлар қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.

Фарғона шаҳридаги 2-сонли, 7-сонли ва 47-сонли МТТ тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари қўмитаси хабар берди.
Дастлабки эпидемиологик суриштирувлар учун МТТларда болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ўрганилди.
Жумладан, нонушта, тушлик, кечки тамаддида истеъмол қилган маҳсулотлари, ушбу маҳсулотларни етказиб берувчилар аниқланган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёр таомлардан бактериологик текширувлар учун намуналар олинган.
Айни вақтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда.
2026 йил 26 октябр соат 11:00 ҳолатига 28 нафар бола юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Беморларнинг умумий аҳволи барқарор, оғир аҳволдаги беморлар мавжуд эмас.
Мурожаат қилган 23 нафар боланинг умумий аҳволи қониқарли деб баҳоланганлиги сабабли уларга тегишли тиббий тавсиялар берилиб, уй шароитида даволаниш учун рухсат этилган.





