Косонсой тумани ҳокими ўринбосари хизмат автомашинасида қўлга олинди
У ҳокимият томонидан маҳаллий тадбиркорга ижара асосида берилган ер майдонини бошқа тадбиркорга олиб бериш билан қўрқитиб, ундан тамагирлик йўли билан ўзининг яшаш хонадонига 20 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб беришни талаб қилган.

Тадбиркорга тегишли ер майдонини олиб қўйиш билан таҳдид қилган мансабдор ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ҳокимият органи вакилининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Хусусан, Косонсой тумани ҳокими ўринбосари мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳокимият томонидан маҳаллий тадбиркорга ижара асосида берилган ер майдонини бошқа тадбиркорга олиб бериш билан қўрқитиб, ундан тамагирлик йўли билан ўзининг яшаш хонадонига 20 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб беришни талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари учун 65 млн сўм пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





