Президент: йилнинг биринчи ярмида Андижон иқтисодиёти 8,8 фоизга ўсди
Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилди. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм ажратилди. Ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар шунга муносиб натижага айланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз, инвестициялар 8,9 фоизга ўсгани қайд этилди.
– Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим,– деди давлатимиз раҳбари.
Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, саноат мактаби ва катта бозор каби имкониятлар борлиги таъкидланди.
Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилди. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм ажратилди.
Ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар шунга муносиб натижага айланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда инвестицияларнинг ҳажми билан бирга сифати, таркиби ва иқтисодиётга берадиган самарасига алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдон Андижонда 7 миллиард доллар инвестиция ва камида 70 минг юқори даромадли иш ўрнига айланиши кераклиги таъкидланди.
Шу билан бирга, жорий йилга режалаштирилган 3,5 миллиард доллар инвестициянинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.
Ахборот технологиялари хизматлари экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлса-да, соҳанинг технологик базасини мустаҳкамлашга инвестициялар етарли йўналтирилмаяпти.
Давлатимиз раҳбари сармояларни юқори қўшилган қиймат, замонавий технология ва барқарор иш ўринлари яратадиган йўналишларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.




