platina.uz

Шавкат Мирзиёев Андижонда йиғилиш ўтказмоқда

Президент Андижон саноат ҳажми бўйича тўртинчи ўринга кўтарилганини қайд этди. 

Жамият
16 февраль, 14:30
Шавкат Мирзиёев Андижонда йиғилиш ўтказмоқда

Айни пайтда Хонобод шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.

Давлат раҳбари вилоят жадал суръатда ривожланаётгани, саноати бўйича республикада тўртинчи ўринга кўтарилганини қайд этди.

Вилоят йилига 280 минг тонна пахта, 530 минг тонна ғалла ва 2,5 миллион тонна мева-сабзавот етиштиради.

Шу билан бирга, Андижонда ҳали ишга солинмаган имкониятлар ва салоҳият жуда катта экани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда қурилиш, сув таъминоти, йўл, кўча ва маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини янги босқичга кўтариш ва бу борада Андижон тажрибасини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Вилоятдаги маҳаллаларни мева-сабзавот, чорвачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, саноат, савдо ва хизматга чуқур ихтисослаштириш бўйича дастур амалга оширилади.

Бу мақсадларга 850 миллиард сўм кредит ресурслари ва 50 миллиард сўм субсидия ажратилади.

Давлатимиз раҳбари қурилиш соҳасига тўхталиб ўтди.

Жорий йилда Андижонда 190 та кўп қаватли уй-жой қуриб, 7 мингта оилани янги хонадон билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Асака туманида “Янги Ўзбекистон” массивини ташкил этиб, 68 та уй қуриш, Шаҳрихон туманини ҳам “Янги Ўзбекистон” массивлари дастурига киритиш режалаштирилди.

Умуман, Андижон, Асака ва Шаҳрихон шаҳарларида урбанизация дастури амалга оширилиши, аҳолиси 100 мингдан ошадиган Асака ва Шаҳрихон шаҳарлари вилоят бўйсунувига ўтказилиши белгиланди.

Ипотека дастури учун Андижонга қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.

Вилоятда транспорт хизматларини яхшилаш мақсадида мутасаддиларга:

- “Хонобод – Андижон – Избоскан – Асака” темир йўл айланмасида поезд қатновини йўлга қўйиш;

- “Андижон – Қўқон”, “Андижон – Тошкент”, “Андижон – Термиз” ва “Андижон – Қўнғирот” йўналишларда поезд қатновини 2 карра ошириш;

- “Андижон – Шаҳрихон”, “Андижон – Асака” ва “Андижон – Дўстлик” йўналишида автобус қатновини 2 баробар кўпайтириш топширилди.

Вилоятда 35 та трансформатор катта юклама билан ишлаётгани, Бўстон ва Улуғнор туманларида электр таъминотидаги узилишлар кўпайгани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис Шаҳрихондаги подстанциядан 23 километр электр тармоғини тортиб, 2 та янги подстанция қуриш топширилди.

Шунингдек, Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Асакада 150 мегаватт, келаси йили 100 мегаватт электр сақлаш тизимини ишга тушириш режалаштирилган, Андижон туманида жами қуввати 400 мегаватт бўлган қуёш станциялари қурилиши бошланади.

Икки йилда 3 та кичик ва микро ГЭС қурилишини якунлаш, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан “Шаҳрихонсой” каналида кинетик турбинали 2 та микро ГЭСни ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+