platina.uz
Жамият

Президент энергетика тизими бошқарувини жиддий танқид қилди

Ҳар йили ёз ва қишда ўнлаб подстанцияларда авария бўлиб, юзлаб трансформаторлар ёниб кетмоқда. Июн-июл ойларининг ўзида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолган. Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётгани танқид қилинди. 

Президент энергетика тизими бошқарувини жиддий танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, соҳада хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун йўл очилди.

Президентимиз инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитганини қайд этди. Ҳар бир йирик лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратилиб, зарур кафолатлар берилди.

Натижада энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди, жойларда 9,5 гигаваттли электр станциялари ишга туширилди. Шу тариқа генерация бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди.

Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм ажратилди. Бу олдинги 25 йилда йўналтирилган маблағдан 6 карра кўп.

“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!” – деди Президентимиз.

Барча ҳудудларда деярли бир хил тармоқ бўлгани билан айрим туманлар яхши ишлаётгани, бошқаларида эса доим авария содир бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу талаб назорат ва интизомнинг ҳар хиллиги билан боғлиқ.

Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётгани танқид қилинди. Шу боис, одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам тизимга масъул раҳбарларнинг ҳозирги ишидан мутлақо норози.

“Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак”, – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳар йили ёз ва қишда ўнлаб подстанцияларда авария бўлиб, юзлаб трансформаторлар ёниб кетмоқда. Июн-июл ойларининг ўзида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолган.

Сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт, Яккасарой ва Оҳангарон туманида электр истеъмоли 2 каррадан зиёд ошган. Бироқ масъуллар ва ҳокимлар тармоқларнинг бундай юкламани кўтара олмаслигини олдиндан ҳисобга олмаган.

Президентимиз ҳар бир узилиш тадбиркорлар ва иқтисодиётга қанча зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилмаганини танқид қилди. Ҳокимлар энергия истеъмоли балансини аниқ билмагани учун миллиардлаб маблағ ҳавога кетаётганини кўрсатиб ўтди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid