platina.uz
Жамият

Сергели туманида жами 236 мингга яқин киши яшаётгани маълум бўлди

Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг аҳолисини қийнаб келаётган яна бир масала – сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳиддир. Мутасаддиларга 1 сентябрьгача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, бу муаммони бартараф этиш топширилди. 

Сергели туманида жами 236 мингга яқин киши яшаётгани маълум бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Аҳолини хатловдан ўтказиш бўйича дастлабки натижалар Сергели туманида реал вазиятни аниқ кўрсатди. Илгари туман аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, хатлов натижасига кўра, ҳудудда аслида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди.

Яқин йилларда Сергели аҳолиси 300 минг нафардан ортиши кутилмоқда. Шу боис, раҳбарларда уй-жой, боғча, мактаб, поликлиника ва иш ўринларини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича ҳозирдан аниқ режа ва дастур бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Бу йил Сергелини ривожлантириш учун буджетдан 173 миллиард сўм, банклар орқали 2 триллион 200 миллиард сўм ресурс ажратилган. Туман ҳокими ва мутасаддиларга ушбу маблағларни самарали ишлатиб, қўшилган қийматни 2-3 карра ошириш бўйича режаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Жорий йил туман ҳокимлари жами 9 миллиард долларлик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириши белгиланган. Сергелининг ўзига ўтган беш ойда 236 миллион доллар инвестиция киритилди. Йил якунигача 60 та лойиҳани бошлаш ҳисобидан яна 750 миллион доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

Пойтахт шароитида саноат лойиҳаларини жойлаштиришда ер масаласи энг катта муаммо экани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, “Янги авлод” саноат зонасидан пойтахтнинг 12 та туманига жой ажратиш ва инвестиция, саноат, иш ўрни, экспорт ҳамда буджет тушуми кўрсаткичларини лойиҳа қилган туманнинг ўзига ёзиладиган тизимни жорий этиш топширилди.

Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг аҳолисини қийнаб келаётган яна бир масала – сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳиддир. Мутасаддиларга 1 сентябрьгача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, бу муаммони бартараф этиш топширилди.

Келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камаяди.

Жорий йил аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Сергелининг асосий 23 километр йўлида ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда. Чорраҳаларга 455 та “ақлли” светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.

Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобус учун 5,5 километрлик БРТ йўлак қуриш режалаштирилган. Бу йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади.

Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid