Ўзбекистонда илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари эълон қилинди
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, аҳолининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи эса қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Эркаклар улуши 50,6 фоизни, аёллар улуши 49,4 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонда илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари эълон қилинди. Натижаларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш натижалари иқтисодий ҳисоб-китобларда қўлланиладиган демографик кўрсаткичларга ҳам аниқлик киритди. 2026 йил 15 январь ҳолатига мамлакатнинг доимий аҳолиси 39 047 321 кишини ташкил этди. Бу 1 январь ҳолатига юритилган жорий ҳисоб маълумотларидан 810,6 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўпдир. Шунингдек, 2025 йил учун ўртача йиллик аҳоли сони 37,9 миллиондан 38,7 миллион кишига ўзгартирилди.
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, аҳолининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи эса қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Эркаклар улуши 50,6 фоизни, аёллар улуши 49,4 фоизни ташкил этади. 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 90,7 фоизи камида умумий ўрта маълумотга эга. Бу меҳнат бозорининг таълим салоҳиятини баҳолашда муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
**
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида 7,6 млн ҳисобга олиш бирлиги қайд этилди. Улар фойдаланишидаги ер майдонларининг умумий ҳажми 42,5 млн гектарни ташкил қилади. Шунингдек, экин майдонлари, кўп йиллик дарахтзорлар ва чорва моллари сонига оид маълумотлар аниқлаштирилди. Бу ишлаб чиқариш кўламини янада аниқ баҳолаш ва соҳани қўллаб-қувватлаш чораларини режалаштириш имконини беради.
Янги маълумотлар нафақат макроиқтисодий таҳлил, балки ижтимоий ривожланиш учун ҳам муҳимдир. Янгиланган ҳисоб-китобларга кўра, уй-жой фондининг умумий майдони 1 032 млн квадрат метрни, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача уй-жой майдони эса 26,7 квадрат метрни ташкил этди. Ушбу маълумотлар инфратузилмага инвестицияларни тақсимлаш, ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва ҳудудларни режалаштиришда қўл келиши мумкин.
**
Миллий статистика қўмитаси статистик маълумотларнинг очиқлигига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Қўмита нархлар индекслари, ҳудудий статистика ва инфляция калькуляторларини ўз ичига олган NarxStat (narx.stat.uz) платформасини ишга туширди. Шунингдек, шахсий маълумотлар махфийлиги таъминланган 46 та микромаълумотлар тўплами тайёрланиб, уларнинг дастлабки 10 таси очиқ фойдаланиш учун эълон қилинди.
Шу билан бирга, қўмита рўйхатга олиш жараёни респондентларнинг ўзини ўзи белгилаш тамойили асосида, тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда ўтказилганини эслатмоқда. Шу сабабли айрим натижалар маъмурий ҳисоб маълумотларидан фарқ қилиши мумкин.
Рўйхатга олишнинг энг муҳим аҳамияти шунчаки статистик рақамларнинг ўзгаришида эмас, балки иқтисодий сиёсатни юритиш, бюджетни режалаштириш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиш учун янада ишончли ахборот асосини шакллантиришидадир.





