Мурожаатлар билан энг ёмон ишлайдиган банклар рўйхати эълон қилинди
Бундай банклар рўйхатида биринчи ўринни "Бизнесни Ривожлантириш банки" эгаллаган. Кейинги ўринларда эса "Анорбанк" ва "Микрокредитбанк" турибди.

Марказий банк томонидан 2026 йил I чорак якунига кўра, мурожаатлар билан энг ёмон ишлайдиган банклар индекси эълон қилинди.
Регулятор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда банк хизматлари сифатини ошириш мақсадида Марказий банк ва бошқа давлат идораларига банклар фаолияти юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни мунтазам таҳлил қилиб бормоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, мижозлар мурожаатлари бўйича энг ёмон ишлайдиган банклар рўйхатида биринчи ўринни "Бизнесни Ривожлантириш банки" эгаллаган. Кейинги ўринларда эса "Анорбанк" ва "Микрокредитбанк" турибди.
Шунингдек, "AVО банк" ва "ТБC банк" ҳам мурожаатлар бўйича салбий кўрсаткичга эга банклар рўйхатида тўртинчи ва бешинчи ўринлардан жой олган.

Марказий банк мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улуши юқори бўлган банклар қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини билдирди:
— банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича мижозларга етарли тушунтириш берилмаслиги;
— мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб тақдим этилмаслиги;
— такрорий шикоятларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларнинг сақланиб қолиши;
— масофавий хизматлар, тўловлар, кредитлар ва бошқа банк операциялари билан боғлиқ муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги;
— истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ички назорат механизмларини янада такомиллаштириш зарурлиги.
