Банклар энди кредит хатарлари ҳақида мижозни олдиндан огоҳлантириши шарт бўлади
Огоҳлантиришда қарз ўз вақтида тўланмаган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар кўрсатилади. Жумладан, қарз миқдори ортиши, мол-мулк ва банк ҳисобварақларидаги маблағларга ундирув қаратилиши ҳамда кредит тарихи бузилиши мумкинлиги ҳақида ахборот берилади.

Марказий банк бошқарувининг айрим идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарори Адлия вазирлигида 2026 йил 30 сентябрда 3948-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради. Унга кўра, банклар кредит рекламаларида қарзни ўз вақтида тўламаслик хавфли экани ҳақида огоҳлантириш бериши шарт.
Расм, видео ёки аудио шаклидаги рекламаларда бундай огоҳлантириш реклама майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши керак. Кредит шартномасининг биринчи саҳифасида ҳам қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантириш жойлаштирилади. У саҳифанинг камида 30 фоизини эгаллаши керак.
Огоҳлантиришда қарз ўз вақтида тўланмаган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар кўрсатилади. Жумладан, қарз миқдори ортиши, мол-мулк ва банк ҳисобварақларидаги маблағларга ундирув қаратилиши ҳамда кредит тарихи бузилиши мумкинлиги ҳақида ахборот берилади.
Кредит маҳсулоти ҳақида мижозни чалғитувчи реклама тарқатган банкларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилиши белгиланган.
Янги тартиб истеъмолчиларга кредит олишдан олдин унинг хатарлари ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида аниқ ҳамда тушунарли маълумот олиш имконини беради.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бир ой ўтгач кучга киради. Шундан сўнг кредит рекламаси ва шартномаларида белгиланган огоҳлантириш талабларига риоя этилиши керак бўлади.
"Ушбу ўзгартиришлар истеъмолчиларнинг кредит олишдан олдин унинг хатарлари ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида аниқ ва тушунарли маълумотга эга бўлишини таъминлайди. Бу эса фуқароларнинг ўз имкониятларини тўғри баҳолаб, ўйлаб қарор қабул қилишига, ортиқча қарз юки ва муддати ўтган қарздорликлар камайишига, банкларнинг реклама ва кредит маҳсулотларида очиқ бўлишига ва истеъмолчилар учун тўғри маълумотлар беришга ҳамда мамлакатда масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади", дейилади Марказий банк хабарида.




