Оҳангарондан ўтган магистрал йўлда ҳаракат тезлиги пасайтирилади
Енгил автомобиллар, микроавтобуслар ҳамда 3,5 тоннагача юк кўтарадиган транспорт воситалари учун максимал тезлик 80 км/соат этиб белгиланади.

А-373 магистралининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган қисмида тезлик пасайтирилади.
Тошкент вилоятидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А-373 “Тошкент–Оҳангарон–Ангрен–Қўқон–Шаҳрихон–Андижон” автомобил йўлининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги айрим участкаларида транспорт воситалари учун рухсат этилган максимал тезлик пасайтирилади.
Бу ҳақдаги қарор Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 8 июн кунги йиғилишида қабул қилинди.
Қарорда қайд этилишича, мазкур чоралар йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида жорий этилмоқда. Гап Тошкентни Фарғона водийси билан боғлайдиган энг муҳим транспорт йўлакларидан бири ҳисобланган А-373 автомобил йўлининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи 103–131-километрлари оралиғи ҳақида бормоқда.
Янги тартибга кўра, енгил автомобиллар, микроавтобуслар ҳамда 3,5 тоннагача юк кўтарадиган транспорт воситалари учун максимал тезлик 80 км/соат этиб белгиланади. Оғирлиги 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари учун эса рухсат этилган энг юқори тезлик 50 км/соатни ташкил этади. Ҳозирда ушбу йўл участкаларида максимал тезлик 100 км/соат этиб белгиланган. Шундай қилиб, енгил транспорт воситалари учун тезлик 20 км/соатга, оғир юк машиналари учун эса 50 км/соатга камайтирилмоқда.
Чекловлар йўлнинг бир нечта қисмида жорий этилади. Хусусан, 103–104, 105–106, 108–109 ҳамда 109–131-километр оралиғидаги участкаларда янги тезлик режими амал қилади. Қарор иловасида ушбу ҳудудларнинг аниқ географик координаталари ҳам келтирилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур масала Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий махсус комиссия томонидан ўрганилган. Шунингдек, қарор лойиҳаси regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва муҳокама муддати якунлангач халқ депутатлари томонидан маъқулланган.
Қарорга асосан, “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси ўн кун муддат ичида мазкур участкаларга 80 км/соат ва 50 км/соат тезлик чекловчи йўл белгиларини ўрнатиши лозим. Шу билан бирга, вилоят ҳокимлиги ҳамда ички ишлар органларига янги чекловлар ҳақида аҳоли ва ҳайдовчиларни оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиш тавсия этилган.
Эндиликда ҳудудларда авария хавфи юқори бўлган йўл участкаларида тезликни ошириш ёки камайтириш бўйича таклифларга маҳаллий кенгашлар ҳам розилик бериши мумкин.
Қарор қабул қилинган кундан бошлаб кучга кирган. Шу сабабли яқин кунларда А-373 магистралининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги айрим қисмларида янги тезлик чекловчи белгилар ўрнатилиши ва ҳайдовчилар ҳаракат режимига амал қилиши талаб этилади.
