Прокурор ёрдамчиси пора олиб, қочишга уринганда қўлга тушди
2024 йилда қочиб кетган прокуратура терговчиси ҳамон қидирувда. Бу бўйича ҳалигача расмий хабар берилмади.

Прокурор ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 2025 йилнинг сентябр ойига қадар Шайхонтоҳур тумани прокурори ёрдамчиси лавозимида ишлаган, ҳозирда Учтепа тумани прокурори ёрдамчиси бўлган мансабдор шахс хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорга Шайхонтоҳур туманида жойлашган 2 та уйнинг ертўла қисмидаги нотурар майдонларни ижарага олиб берганлигини рўкач қилган. Сўнгра ундан 15 минг АҚШ долларини ўзига тегишли автомашинада олиб, ҳодиса жойидан қочишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур прокурор ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Аввал Бухорода банк хизматлари маркази шўъба мудири қўлга олинганди.
2024 йилда Тошкентда прокуратура катта терговчиси 40 минг доллар пора олиб, қочиб кетган эди. Айбланувчига нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
