Тошкентда тиғиз вақтларда "гармошка" автобуслар сафарбар этилади
15 ноябрга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2027 йил давомида шаҳар автопаркларини қўшимча катта сиғимли автобуслар билан таъминлаш бўйича манзилли таклифлар киритилади.

30 октябрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан пойтахтда жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш ва бекатларда йўловчилар қалиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Тиғиз вақтларда ҳаракат ва сиғим оширилади.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 15 ноябрдан эътиборан эрталабки (соат 07:00—09:30) ва кечки (соат 17:00—19:30) тиғиз вақтларда сиғим юқори бўлган асосий йўналишларга қўшимча автобуслар чиқарилади. Бу орқали бекатларда автобус кутиш интервали 3−5 дақиқагача қисқартирилади. Жадвалларга риоя этилиши марказлашган диспетчерлик хизмати ва онлайн GPS мониторинг орқали кундалик назоратга олинади.
Шунингдек, 20 декабрга қадар йўловчи оқими энг юқори бўлган 25 та марказий ва магистраль йўналишга — 8, 9 т, 14, 18, 24, 28, 38, 44, 46, 51, 57, 58, 67, 72, 85, 91, 93, 98, 110, 115, 118, 122, 131, 147 ҳамда 155-сонли йўналишларга (айниқса Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида) катта сиғимли бўғинли ("гармошка") автобуслар ажратилади.
Бундан ташқари, 15 ноябрга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2027 йил давомида шаҳар автопаркларини қўшимча катта сиғимли автобуслар билан таъминлаш бўйича манзилли таклифлар киритилади.
Хизмат кўрсатиш сифати ва ҳайдовчилар масъулияти
Қарорга кўра, 2026 йил 15 ноябрга қадар ҳайдовчилар ва метро станциялари ходимлари учун муомала маданияти, касб одоби ҳамда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши бўйича махсус малака ошириш курслари ташкил этилади ва бу борадаги ишлар мунтазам амалга ошириб борилади.
Шу билан бирга, автобусларнинг бекат майдончаси бордюрига жипслашиб тўхташи бўйича ҳайдовчиларнинг шахсий масъулияти белгиланади. Бекатдан узоқда тўхташ ҳолатлари видеокузатув воситалари орқали мониторинг қилиниб, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан интизомий ва молиявий чоралар қўлланади
Бундан ташқари, 2026 йил 1 декабрга қадар барча автобуслардаги ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар аравачали йўловчилар учун пандуслар ҳамда мосламаларнинг созлиги қайта текширувдан ўтказилиб, камчиликлар тўлиқ бартараф этилади.
Имконияти чекланган йўловчиларга пандусни очиб бериш ҳайдовчилар зиммасига қатъий хизмат мажбурияти сифатида мустаҳкамланади ҳамда бундан бўйин товлаган ҳайдовчиларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари кўрилади
Шунингдек, 2026 йил 10 ноябрдан бошлаб барча автобусларда мавсумга мос салкинлатиш ва иситиш тизимларининг узлуксиз ишлаши таъминланади ҳамда транспорт салонидаги микроклимат доимий равишда мониторинг қилиб борилади.





