Бухорода банк хизматлари маркази шўъба мудири қўлга олинди
У 800 млн сўм миқдорида кредит маблағи олиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. Сирдарёда эса тадбиркорларга микроқарзлар бериш билан шуғулланувчи МЧЖ менежери ушланди.

Кредит ва субсидия ажратилиши учун пул талаб қилганлар қўлга олинди.
АТ “Халқ банки” Ромитан стандарт банк хизматлари марказининг шўъба мудири хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унга бошқа тижорат банкида ишловчи танишлари орқали 800 млн сўм миқдорида кредит маблағи олиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда шўъба мудири сўралган пул маблағи ҳисобидан 1000 АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,192 прим 9-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, тадбиркорлик субъектларига микроқарзлар бериш билан шуғулланувчи МЧЖнинг Гулистон шаҳар филиали менежери ўзининг ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали, Оқолтин туманида яшовчи фуқарога имтиёзли равишда уй-жой олиши учун субсидия маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 96 млн сўм олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда салкам 1 млрд сўмга ер сотмоқчи бўлган шахс ушланганди.
У деҳқон хўжалиги учун ажратилган ярим гектар ер майдонини ўзганинг номига расмийлаштириб, кейинчалик кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига пора талаб қилган.
