Жиззахда салкам 1 млрд сўмга ер сотмоқчи бўлган шахс ушланди
У деҳқон хўжалиги учун ажратилган ярим гектар ер майдонини ўзганинг номига расмийлаштириб, кейинчалик кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига пора талаб қилган.

Жиззах вилоятида ноқонуний ер сотиш ҳолатига чек қўйилди.
Бахмал туманида яшовчи “Б.Д” туман ҳудудидаги деҳқон хўжалиги учун ажратилган 0,50 га ер майдонини ўзганинг номига расмийлаштириб, кейинчалик кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 950 млн сўм миқдорида пул маблағини талаб қилиб келган.
ДХХ, ИЖҚК департаменти ҳамда ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағининг 35 минг АҚШ доллари ва 180 млн сўм қисмини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди, дея хабар беради Жиззах вилояти ИИБ.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи пора билан қўлга олинганди. У давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида текширув ўтказмаслик эвазига унинг раҳбаридан 4,8 млн сўм талаб қилган.
