Жиззахда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходими қўлга олинди
У Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан харид қилинаётган электрон доскалар бўйича ўтказилаётган тендер бўйича пора олаётганди ушланган.

Бош прокуратура ҳамда Департаментнинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ДХХ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, 2026 йил 14 март куни “Ozod U” МЧЖ иш юритувчиси Д.З. ариза билан мурожаат қилган. У таниши О.Х. томонидан Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан харид қилинаётган электрон доскалар бўйича ўтказилаётган тендерда мазкур жамиятнинг ғолиб бўлиши учун шароит яратиб бериш эвазига 85 млн сўм пул талаб қилинаётганини маълум қилган.
2026 йил 15 март куни ўтказилган тезкор тадбир давомида О.Х. аризачи Д.З.дан 85 млн сўм пул маблағини олган вақтида ушланган.
Шунингдек, ушбу маблағнинг 30 млн сўми Департаментнинг Пахтакор тумани бўлими ходими Б.П.га берилиши белгилангани аниқланган.
Тадбир давомида Департаментнинг Пахтакор тумани бўлими ходими Б.П. фуқаро О.Х.дан 30 млн сўм пул маблағини олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
