Мактаб маслаҳатчиси нима вазифаларни бажариши маълум қилинди
Улар ўқувчиларнинг ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, техникумга йўналтиради. ОТМларга кира олмаганлар ҳам техникумлардаги курсларда ўқитилади.

Ўтган ҳафта имзоланган Президент қарорига мувофиқ, мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинмоқда.
Улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради.
Шу билан бирга, 9-синфни битириб, техникумга кирган ёшларга мактабга қайтиб келиш имконияти бор. Эндиликда 10-синфга ўтиб, мактабда ўқиш фикридан қайтган ёшлар ҳам таълимни техникумда давом эттириши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.
“Янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир болани касб-ҳунар орқали даромадли қилсак, барча оилаларнинг рўзғори бут бўлади, маҳаллаларда тинчлик ҳукм суради”, – деди Президент.
Давлат раҳбари техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади.
Шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади.
Шу билан бирга, техникум директори ва ўринбосарларига мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган ойлик қилиб берилади. Агар улар “Директорлар мактаби”да менежерлик сертификатини олса, яна қўшимча 20 фоиз устама тўланади.
Эндиликда техникумларда ҳам олийгоҳлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади.
Ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарга стажировкага юборилади.
Аввалроқ боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинганди.
Бу орқали йилига 10 минг тарбиячи олий маълумотли қилинади.