"Давомат 50 фоизни ҳам ташкил қилмаяпти": Турдимов мактаблардаги ҳолатга тўхталди
Ҳозир Тошкентда тажрибадан ўтказилаётган ҳар бир мактаб, ҳар бир синфда рақамлаштирилган кузатув тизими бутун Республикада жорий қилинади.

Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов бугун мактабларда давомат масаласи ҳақида гапирди. Вазир ҳозирда давомат 50 фоизни ҳам ташкил қилмаётганини айтди.
Вазир билан суҳбатлашган журналист мактабларда дарсга келмайдиган ўқувчилар билан ички ишлар, миллий гвардия ходимлари шуғулланаётганига қандай муносабатда эканини сўради.
“Биз ўқувчини мактабга қайтаришимиз керак. Тушунтириш, тарғибот билан бўлмагандан кейин ички ишлар ходимларини жалб этишга мажбур бўлдик”, деб жавоб берди Эркинжон Турдимов.
У Сирдарё вилоятида ишлаган даврида ҳар бир мактабдаги давоматни шахсан назорат қилгани ва ички ишлар органлари ходимлари ёрдамида кўрсаткични 80 фоизга етказганини айтди. Давоматни бундан ортиқ кўтариш имкони бўлмаганини, ўқувчиларнинг тахминан 10 фоизи бозор-ўчарга, пул топишга чиқиб кетган бўлса, яна шунчаси бошқа шаҳарларга, масалан, Қоракўлдаги математика мактабига ёки пойтахтдаги ўқув марказларига, репититорлардан дарс олгани чиқиб кетгани билдирди.
“Ота-онасига ‘Болангизни топиб беринг, мактабга борсин’, десак, ‘Мактабда ўқиса, университетга киролмайди, болам репититорда ўқияпти, уни безовта қилманг’, дейди. Мактабларда ўқитиш сифатини ҳам яхшилаш керак. Акс ҳолда, давоматни 100 фоиз қилиб бўлмайди”, деб таъкидлади таълим ва илм-фан вазири.
Ҳозир Тошкентда тажрибадан ўтказилаётган ҳар бир мактаб, ҳар бир синфда рақамлаштирилган кузатув тизими бутун Республикада жорий қилишини маълум қилди.
“Шунда ҳар бир синфда нечта ўқувчи ўтирганини, ўқитувчи қандай дарс ўтаётганини ўзим ҳам бемалол кўриб тураман. Ўқувчини мактабга қайтарамиз”, деди Эркинжон Турдимов.





