Мактаб ўқувчиларига илк бор инсулт белгиларини аниқлаш ўргатилади
Дастур 1 ноябрдан бошлаб умумтаълим мактабларида босқичма-босқич йўлга қўйилади. Дастлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги еттита, шунингдек, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги жами олтита мактабда машғулотлар ташкил этилади.

Ўзбекистонда илк бор мактаб ўқувчиларига инсултнинг дастлабки белгиларини таниш ва шошилинч вазиятда тўғри ҳаракат қилишни ўргатувчи “FAST — суперқаҳрамонлар” дастури жорий этилади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Дастур 1 ноябрдан бошлаб умумтаълим мактабларида босқичма-босқич йўлга қўйилади. У 1–4-синф ўқувчиларига мўлжалланган. Дастлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги еттита, шунингдек, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги жами олтита мактабда машғулотлар ташкил этилади.
“FAST” тамойили инсултнинг асосий белгиларини эслаб қолишга ёрдам беради: юздаги ўзгаришлар, қўлдаги ҳолсизлик, нутқ бузилиши ва вақтни бой бермасдан ҳаракат қилиш зарурати.
Машғулотларда болаларга инсон юзида асимметрия пайдо бўлиши, бир қўлини кўтара олмаслиги ёки гапиришда қийналиши инсульт белгиси бўлиши мумкинлиги тушунтирилади. Бундай вазиятда катталарни зудлик билан хабардор қилиш ва “103” рақамига қўнғироқ қилиш кераклиги ўргатилади.
Вазирлик маълумотига кўра, “FAST — суперқаҳрамонлар” дастури “Ангелс Initiative” халқаро ташаббуси доирасида ишлаб чиқилган. У дунёнинг 40 га яқин давлатида 2 миллиондан ортиқ болани қамраб олган. Дарслар болаларнинг ёшига мос равишда ўйинлар, қаҳрамонлар ва видеоматериаллар ёрдамида олиб борилади.
Дастурнинг мақсади болаларнинг инсульт белгилари ҳақидаги билимини ошириш, бу маълумотларни оила аъзоларига ҳам етказиш ва шошилинч вазиятда тез тиббий ёрдам чақириш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.





