6 ёшли болалар мажбурий мактабга тайёрловга тўлиқ қамраб олинади
2027 йилдан бошлаб 6 ёшли болаларни бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан 100 фоиз қамраб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 2026 йил декабргача ҳудудлардаги эҳтиёж ўрганилиб, зарур педагоглар ва жиҳозларга бўлган талаб аниқланади.

Ўзбекистонда 6 ёшли болалар бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан тўлиқ қамраб олинади.
Шавкат Мирзиёев 2026 йил 10 ноябрь куни “Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармон билан 7 та миллий дастур ва уларни 2027–2031 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Дастурлардан бири билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш бўлиб, 2027 йилдан бошлаб 6 ёшли болаларни бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан 100 фоиз қамраб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 2026 йил декабргача ҳудудлардаги эҳтиёж ўрганилиб, зарур педагоглар ва жиҳозларга бўлган талаб аниқланади. Бепул тайёрлов гуруҳлари ташкил этиладиган хоналар эса 2027–2028 йилларда мебел ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан боғча қуриш, реконструкция қилиш мақсадида Осиё тараққиёт банки кўмагида Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида 500 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади.
Хусусий боғча ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, таълим сифати оширилади. 2027 йил апрелгача хусусий боғчаларга ер ажратиш ҳамда имтиёзли кредит линияларини ишга туширишни назарда тутувчи меъёрий ҳужжат тайёрланади.
Нодавлат боғчалардаги тарбиячилар учун “Тарбиячи” номли таълимни бошқариш платформаси (LMS) яратилади. Унда замонавий педагогик методикалар бўйича видеодарслар, услубий қўлланмалар, тестлар ва интерфаол машғулотлар жойлаштирилади.
Бюджет субсидияларини таълим сифатига боғланган ҳолда ажратиш бўйича янги механизмлар жорий қилинади.





