Бразилиянинг собиқ президенти 27 йиллик қамоққа ҳукм этилди
У 2022 йилги мағлубиятидан сўнг ҳарбий тўнтаришга уринишда айбланган. Ўшанда унинг тарафдорлари ҳукумат биноларига бостириб кирганди.

Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бразилия Олий суди судялари ҳайъати Болсонаруни 2022 йилги сайловлардаги мағлубиятидан сўнг ҳарбий тўнтаришга уринишда айбдор деб топган.
Болсонарунинг адвокатлари ҳукмни "ўта номутаносиб" деб атаган ва "барча даражаларда, шу жумладан халқаро даражада" апелляция беришга ваъда беришган.
Олий суднинг бешта судясидан тўрттаси 70 ёшли Болсонаруни 2022 йилги сайловларда ўзининг сўлчи рақиби, амалдаги президент Луиз Инасио Лула да Силвага ютқазганидан кейин ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун фитна уюштирганликда айбдор деб топди.
Судяларнинг аниқлашича, фитна ташкилотчилари ҳарбийлардан етарлича ёрдам ололмаган бўлса-да, 2023 йил 8 январда Болсонару тарафдорларининг ҳукумат биноларига бостириб кириши билан якунланган.
Судялардан бири Болсонаруни оқлади, охирги судя эса узоқ вақт иккиланиб турди, бироқ кўпчилик овози собиқ президентни айблаш учун етарли эди.
Ҳозирда уй қамоғида сақланаётган собиқ президент ҳар доим айбловларни рад этиб келади. Унинг ҳимоячилари апелляция шикояти бериши кутилмоқда.
Жаир Болсонарунинг ўзи, адвокатининг сўзларига кўра, соғлиғи сабабли судда иштирок этмаган, аммо пайшанба куни эрталаб AFP журналисти уни Бразилиядаги уйининг боғида кўрган. 2018 йилда қорнига пичоқ санчилган суиқасддан омон қолганидан бери у ҳақиқатан ҳам соғлиғида муаммоларга дуч келган.
Болсонарунинг тарафдорлари у президентлик сайловларида чап қанот вакили Луиз Инасио Лула да Силвага ютқазганидан кейин ҳукумат биноларига бостириб киришганди.
Болсонаруни АҚШ президенти Доналд Трамп омма олдида қўллаб-қувватлади ва у унга қарши суд жараёнини “жодугар ови” деб атади.
Бразилия собиқ президенти август ойи бошида уй қамоғига олинганди. Жаир Болсонару ўшанда ижтимоий тармоқлар бўйича тақиқни бузганликда айбланган.