Ангренда ИИБ терговчиси қўлга олинди
У терговга қадар текширув иши доирасида фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик ва чора кўрмаслик эвазига 10 минг доллар сўраган.

Ангренда ИИБ терговчиси пора билан ушланди.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси фуқародан 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. У ўз иш юритувида бўлган терговга қадар текширув иши доирасида фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик ва тегишли тартибда чора кўрмасликка ваъда берган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда терговчи сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан терговчига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада 50 минг долларга ер сотган корхона раҳбари ушланганди.
У кадастр ҳужжатларини фуқаро номига расмийлаштириш учун яна 3 минг доллар сўраган.
Бундан ташқари Тошкентда Телеграм орқали салкам 3 млрд сўм ўғирлаганлар қўлга олинган.