Ангренда "проба"сиз укол қилинган бемор комага тушиб қолгани айтилмоқда
Ҳодиса шаҳардаги хусусий клиникалардан бирида содир бўлган. Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси вазият назоратга олинганини билдирди.

Ангрен шаҳар шифохонасида 20 ёшли Қувончбек Муродов 45 кундан буён комада қолмоқда.
Айтилишича, бемор шамоллаш белгилари билан шу йилнинг 31 июл куни Ангрен шаҳридаги Angren medical center хусусий клиникасига мурожаат билан борган ҳамда клиникада “проба”сиз томирига томчи дори юборилиши ортидан соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотган.
Айни дамда бемор Ангрен шаҳар шифохонасида оғир аҳволда қолмоқда. Қувончбекнинг ота-онаси Angren medical center хусусий клиникаси томонидан йигитнинг даволанишига етарли моддий кўмак кўрсатилмаётганидан норозилик билдирган.
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси вазият назоратга олинганини билдирди.
Ҳолатни ҳар томонлама ва холис ўрганиш мақсадида бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви тайинланди. Текширув жараёнида беморга кўрсатилган тиббий ёрдам сифати, даволаш жараёни ва ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилади.
Текширув натижалари асосида ҳолатга ҳуқуқий ва тиббий жиҳатдан баҳо берилади ҳамда қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади расмий хабарда.
