platina.uz
Жамият

50 йилдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатган поликлиника буткул янгиланди

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Ургут туманидаги “Навоий” оилавий поликлиникаси тубдан қайта қурилди. Энди бу ерда шифокорлар ҳам зах, ёғингарчилик бўлса томидан сув ўтадиган аянчли аҳволдаги бинода эмас, балки замонавий, ёруғ ва қулай шароитларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

50 йилдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатган поликлиника буткул янгиланди

Ургутнинг чекка қишлоқларидан бирида — “Баҳрин” маҳалласида “Навоий” номли 21-сонли оилавий поликлиника бор.

Ташқаридан қараганда оддий бино. Лекин атрофдаги 16 та қишлоқ аҳолиси учун у ягона тиббиёт маскани ҳисобланади. Туғруқ ҳам шу ерда, даволаниш ҳам шу ерда, қариялар ҳам, ёш оналар ҳам, болалар ҳам шу бинога умид билан келади.

Бу поликлиника 1972 йилда қурилган. Ярим асрдан ошиқ вақт давомида у деярли жиддий таъмир кўрмаган. Деворлари зах босган, ойналари хиралашган, томдан сув ўтадиган хоналарида эса шифокорлар бемор қабул қилган. Ана шу шароитда ҳам минглаб инсонларга хизмат кўрсатилган. Чунки одамларнинг бошқа танлови йўқ эди.

Вилоят марказигача йўл узоқ. Айниқса, тунги пайт ёки шошилинч ҳолатларда вақтнинг ҳар бир дақиқаси муҳим. Шу сабаб шифокорлар ҳам, беморлар ҳам мавжуд шароитга мослашишга, ана шу абгор аҳволдаги поликлиникадан фойдаланишга мажбур бўлиб келган.

Бугун эса бу манзара ўзгаряпти. 2025 йил декабрь ойида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 13 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатадиган ушбу муассасага ташриф буюриб, мазкур бино капитал таъмирга, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтожлигини таъкидлаган эди.

Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат бўйлаб бирламчи тиббий-санитария тизими тубдан янгиланмоқда. Диагностика стандартлари замонавийлаштирилмоқда, янги даволаш усуллари жорий қилинмоқда, ҳудудлар кесимида алоҳида мастер-режалар ишлаб чиқилмоқда. Асосийси, бу ислоҳотлар энг чекка қишлоқларгача етиб боряпти.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, “Навоий” оилавий поликлиникаси тубдан қайта қурилди. Бу ердаги 16 та қишлоқнинг аёлларига хизмат кўрсатаётган туғруқ бўлими энг замонавий талабларга жавоб берадиган шароитларга эга бўлди. Энди бу ерда шифокорлар ҳам зах, ёғингарчилик бўлса томидан сув ўтадиган аянчли аҳволдаги бинода эмас, балки замонавий, ёруғ ва қулай шароитларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Энг муҳими, бу фақат битта қишлоқдаги ўзгариш эмас. Бугун мамлакатнинг турли ҳудудларида йиллар давомида эътибордан четда қолган поликлиникалар, шифохоналар ва туғруқ бўлимлари тубдан янгиланмоқда.

Чунки соғлиқни сақлаш қоғоздаги статистика эмас. Бу — ярим кечаси боласининг иситмасидан ваҳимага тушган онанинг борадиган жойи. Бу — узоқ қишлоқдаги аёл тўлғоқ тутганда етиб боришга улгурадиган энг яқин туғруқхонаси. Бу — инсон ҳаёти ва унинг ортидаги тақдирлар масаласи.

Ана шу жойлар ўзгармаса, ҳеч қандай ислоҳот ҳақиқий бўла олмайди. “Баҳрин”даги янги поликлиника балки катта бино эмасдир, аммо унинг ортида жуда катта маъно ва сигнал бор: давлат раҳбарияти ҳар бир инсонни, у қаерда яшашидан қатъи назар, кўради, эшитади ва унинг саломатлиги учун қайғуради.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid