Саида Мирзиёева реконструкция қилинган Ургутдаги поликлиникага борди
Президент Администрацияси раҳбари фермерлар оиласи – Ҳайдаровлар хонадонида меҳмон бўлганини билдирган.

Ургут туманида жойлашган 21-сонли "Навоий" оилавий поликлиникаси капитал реконструкциядан сўнг мутлақо янги қиёфа касб этди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида мазкур тиббиёт масканида амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун яратилган шароитлар билан танишди.

"Бугун давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Самарқанд вилоятига бордик.
Тойлоқ туманидаги барча маҳаллалар аҳолиси тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла олиши учун сув тармоқлари қандай реконструкция қилинаётгани ва янгиланаётганини кўздан кечирдик.
Ургут туманида ҳам бўлдик. Бу ерда янги турар жойлар, тиббиёт муассасалари, мактаб ва боғчалар қуриляпти, борлари эса янгиланиб, кенгайтирилмоқда", дея ёзади Мирзиёева.
Президент Администрацияси раҳбари фермерлар оиласи – Ҳайдаровлар хонадонида меҳмон бўлганини билдирди. Уларнинг тажрибасини, шубҳасиз, кенг оммалаштирса арзийди.

Расмийлар Президент топшириғига кўра тубдан қайта қурилган “Навоий” оилавий поликлиникасига ҳам борган.
Бу ердаги 16 та қишлоқнинг аёлларига хизмат кўрсатаётган туғруқ бўлими энг замонавий талабларга жавоб беради. Куни кеча ушбу даргоҳда биринчи чақалоқ – Шавкатжон дунёга келди.

" Мен буни бошлаган барча ишларимизнинг хайрли эканига бир ишора, деб билдим", дея таъкидлайди Саида Мирзиёева.
