Президент Самарқанддаги учрашув иштирокчиларига мурожаат йўллади
Давлат раҳбарининг қайд этишича, ҳозирги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши, афсуски, дунёдаги вазиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Бугунги тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатларнинг махсус хизматлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этаётгани замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш борасидаги умумий манфаатдорликдан далолат беради.
Бу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганининг 25 йиллигини нишонламоқда. Чорак асрлик шаклланиш ва ривожланиш жараёнида ташкилот халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишда самарали майдонга айланди.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳаммуассиси бўлган давлат сифатида унинг барқарорликни сақлаш ва инклюзив тараққиётни таъминлаш мақсадида аъзо давлатларни бирлаштирувчи кўптомонлама ноёб платформа сифатидаги ролини янада кучайтириш ва фаолиятини кенгайтиришга алоҳида аҳамият беради.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, ҳозирги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши, афсуски, дунёдаги вазиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолмоқда.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг бузғунчи таъсирларнинг янгича шаклларига нисбатан барқарорлиги масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда. Трансмиллий таҳдидларнинг табиати чуқур ўзгариб бормоқда.
Кибермакон анъанавий усуллар билан бирга тармоқ орқали ҳужумлар уюштирилаётган, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланди.
Террорчи ташкилотлар рақамли муҳитдан фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотади. Интернет платформалари радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни ўз томонига оғдириш, молиявий маблағлар тўплаш ҳамда давлат чегараларини тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланиб бормоқда. Бундай шароитда айниқса ёшлар аҳолининг энг заиф тоифаси бўлиб қолмоқда. Бузғунчи кучлар ёшлар онгига мақсадли равишда таъсир кўрсатиб, уларни ўз жамоаларига жалб этмоқда, ижтимоий зиддиятлардан фойдаланмоқда ва тоқатсизлик ғояларини тарқатмоқда.
Бундай жараёнлар миллатлараро ва динлараро тотувликка путур етказиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга олиб келиши мумкин.
Шу боис юзага келаётган можароларга нафақат тезкор муносабат билдириш, балки хавф-хатарларнинг олдини олиш – уларни аниқлаш, ўзаро ахборот алмашиш, хавфсизликни таъминлаш борасида миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш лозим. "Бугунги мулоқот сизларга нафақат долзарб таҳдид ва хавф-хатарларни ҳар томонлама муҳокама қилиш, балки халқларимизнинг хавфсизлиги ва давлатларимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган ҳамкорликнинг амалий йўналишларини белгилаб олиш имконини беради, деб ишонаман", дея таъкидлайди Президент.





