platina.uz
Жамият

Хоразмда "Тоза ҳудуд" мансабдорлари аҳоли тўлаган пулларни талон-торож қилди

Улар 260 нафар кишидан ундирилган маблағни махсус биллинг дастурга киритмаган. Ушбу қилмиш дастлабки терговдаёқ фош бўлган. 

Хоразмда "Тоза ҳудуд" мансабдорлари аҳоли тўлаган пулларни талон-торож қилди

Хоразмда “Тоза ҳудуд” ДУК филиали раҳбари ва ҳисобчиси аҳоли тўлаган маблағларни талон-торож қилгани аниқланди.

2025 йил 20 август куни, жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди, “Тоза ҳудуд” ДУК Боғот туман филиали биносида, сайёр суд мажлисида ушбу иш кўриб чиқилди.

Гап нима ҳақида?

Судланувчи, Қ.Ж. 2023 йил 20 ноябр кунидан 2025 йил 12 май кунига қадар бўлган даврда Хоразм вилояти “Toza hudud” ДУК Боғот туман филиали раҳбари вазифасида ишлаб келган. У ҳисобчи лавозимида ишлаган М.Қ. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлган.

Улар 2024 йил 1 апрелдан 2025 йил 31 январгача бўлган даврда тумандаги 260 нафар фуқаролар томонидан филиали томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўланган тўловларни нақд пул шаклида қабул қилишиб, шундан 15 нафар фуқароларнинг 2.976.000 сўм тўловларини филиалнинг “Toza makon” биллинг дастурига киритиб, қолган 245 нафар фуқароларнинг 52.442.000 сўм тўловларини ушбу дастурга киритишмасдан, филиалнинг анча миқдордаги маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилишган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган Қ.Ж. ва М.Қ.лар судда айбига тўлиқ иқрор эканлигини билдиришди.

Ҳисобчи М.Қ. нореал қарздорлик тўғрисидаги далолатномаларни ўзи тузиб, филиал раҳбарининг хабардорлиги асосида унинг номидаги профил орқали базага киритганини, дастлабки тергов даврида текширишда аниқланган, яъни филиалга етказиган зарар деб қаралган 52.442.000 сўм камомадни прокуратура органларининг банкдаги депозит ҳисоб рақамига тўланиб, аниқланган ушбу камомад бартараф қилинганини билдирди.

Якуний ҳукмга кўра, Ж.Қ.га бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдор ва моддий жавобгар шахс сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг 15 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиб, 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Унинг шериги бўлган М.Қ.га ҳам худди шундай жазо қўлланилди.

Етказилган зарар тўлиқ қопланган.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

Бир ой аввал Олий суд “Тошшаҳартрансхизмат”нинг собиқ раҳбари қамоқдан озод этилгани ҳақида хабар берганди.

Унга юқори инстанция суди озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Ўшанда 16 кишига белгиланган жазо ўзгартирилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid