Конституциявий суд шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туришни қонунга зид деб топди
Қарорда бу ҳолатда прокурорни хабардор қилиш ёки прокурор санкцияси суд қарорининг ўрнини боса олмаслиги қайд этилди.

Конституциявий суд шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас деб топди.
Конституциявий суд мажлисида шахсни маъмурий тартибда 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш имконини берувчи норма Конституцияга мувофиқлиги кўриб чиқилди.
2026 йил 22 сентябр куни бўлиб ўтган мажлисда Олий Мажлис, Ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Омбудсман, ИИВ, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Масала Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) мурожаати асосида кўриб чиқилди. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисми Конституциянинг 27-моддасига мувофиқлиги юзасидан масала қўйилган.
Амалдаги нормага кўра, чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар айрим ҳолатларда уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб турилиши мумкин эди.
Конституциянинг 27-моддасида эса шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Конституциявий суд мазкур нормаларда 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш зарурати туғилганда суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаганига эътибор қаратди.
Шу асосда Конституциявий суд мазкур нормани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб топди.
Қарорда шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш масаласида прокурорни хабардор қилиш ёки прокурор санкцияси суд қарорининг ўрнини боса олмаслиги қайд этилди.
Мазкур қарор шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини таъминлаш, суд назоратини кучайтириш ва маъмурий ушлаб туриш тартибини Конституция талабларига мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.




