Грин карта 1 ноябрдан бошланиши кутилмоқда
Суд АҚШ давлат департаментига тегишли талабни йўллади. Рўйхатдан ўтиш 30 кун давом этиши керак. Давлат департаменти дастур талабларига жавоб берадиган ва керакли ҳужжатларни тақдим этган шахслардан онлайн аризаларни қабул қилиши шарт.

Сан-Диегодаги федерал судья АҚШ Давлат департаментига "грин-карта лотереяси" номи билан танилган Турли миллатларга мансуб иммигрантлар учун виза дастури (DV-2027) учун рўйхатдан ўтишни қайта очишни буюрди.
Бу шахсларга Қўшма Штатларда доимий яшаш учун ариза бериш имконини беради. Дастур доирасида ҳар йили 55 000 тагача виза берилади.
Судья Джинсук Ота 14 октябрь куни қарор чиқарди. Илгари, АҚШ ҳукумати рўйхатдан ўтишни белгиланган муддатгача очмаган ва кейин дастурни ишга тушириш учун жуда кеч деб эълон қилган эди.
Рўйхатдан ўтиш 30 кунга очилиши ва ноябр ойидан бошланиши керак.
Суд АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога рўйхатдан ўтишнинг бошланиш ва тугаш саналарини 15 октябрь куни ярим тундан кечиктирмай оммага эълон қилишни буюрди. Эълонда шунингдек, аризаларни топшириш учун расмий веб-сайт ва мувофиқлик талаблари ҳам бўлиши керак.
Рўйхатдан ўтиш 30 кун давом этиши керак. Давлат департаменти дастур талабларига жавоб берадиган ва керакли ҳужжатларни тақдим этган шахслардан онлайн аризаларни қабул қилиши шарт.
Бундан ташқари, агентлик лотерея ғолибларини хабардор қилиши ва уларнинг аризаларини одатдагидек мавжуд визалар тугагунига қадар ёки молиявий йил тугагунига қадар — 2027-йил сентябрь ойи охирида кўриб чиқиши керак.





