“Грин кард” лотeрeяси тўхтатилмади!
Кўпчилик DV 2027 лотереяси бутунлай тўхтатилган деб ўйлаяпти. Аммо 2026 йил 30 сентябргача у албатта ўтказилиши керак. Бундай хулоса учун далиллар мавжуд.

АҚШ президенти Доналд Трамп Green Card лотерея дастурини тўхтатди. 2025 йил 18 декабрда АҚШ Ички хавфсизлик департаменти (ИХД) хавфсизлик мезонлари ва иштирокчиларни танлашни қайта кўриб чиқиш мақсадида ушбу дастур "вақтинчалик тўхтатилганини" маълум қилди.
Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Трампнинг кўрсатмасига мувофиқ зудлик билан АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматларига DV-1 дастурини тўхтатиб қўйишни буюришини маълум қилди.
Ҳукумат қарорига Браун университетида 2025 йил 14 декабрда университетнинг муҳандислик кампусида содир бўлган отишма оқибатлари таъсир қилган. Ҳужумда гумон қилинувчи 48 ёшли португалиялик Невес Валенте АҚШга 2017 йилда Diversity Immigrant Visa (DV-1) дастури орқали келган. Дарвоқе, отишмада асли ўзбекистонлик фуқаро – 18 ёшли Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам ҳалок бўлди.
“Грин кард” бeкор этилмаганми?
Ҳозир кўпчилик “Грин кард” бутунлай бекор қилинди, деган фикрда. Аммо, аслида, 2025 йил октябр ойида бошланиши керак бўлган DV 2027 лотереяси бутунлай тўхтатилгани йўқ ва 2026 йил 30 сентябргача албатта ўтказилиши керак. Бундай хулоса учун далиллар мавжуд.
Аввало, Доналд Трамп сайловолди ташвиқоти пайтида ноқонуний иммиграцияга қарши курашишга ваъда берди. Шунингдек, у Жо Байден президентлиги даврида Америкага кўплаб хавфли жиноятчилар кириб келгани, одамларни ўлдиргани, аёлларни зўрлагани ва уларнинг ҳаммасини қўлга олиб, депортация қилиш кераклигини таъкидлаган. Айни пайтда – ICE (United States Immigration and Customs Enforcement – АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати) фаол ишламоқда, хорижликларни депортация қилмоқда. Аммо статистик маълумотларга кўра, ҳибсга олинган ва депортация қилинган одамлар орасида жиноий ўтмишга эга шахслар 5% дан ҳам кам. Бу эса Трампнинг сайловолди ташвиқоти пайтида айтган сўзларига мос келмаяпти.
“Грин кард”ни бутунлай бeкор қилиш учун ҳуқуқий асос борми?
Маълумки, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати виза бермайди. Иммиграция ва божхона хизмати мамлакатдаги хорижликларнинг мақомини ўзгартириш борасидаги аризаларни кўриб чиқади.
Қонунга кўра, “Грин кард” лотереяси Миллий хавфсизлик департаменти ва Иммиграция ва божхона хизмати томонидан бошқарилмайди. Уни Давлат департаменти назорат қилади. Шунинг учун Кристи Ноэм лотереяни бекор қилиш, ҳатто уни тўхтатиб қўйиш ваколатига ҳам эга эмас.
Қолаверса, “Грин кард” лотереяси йилига атиги 55 000 визани тақдим этса-да, “Грин кард” йилига миллиондан ортиқ хорижликка берилади. Тўғри, охирги 10 йил ичида “Грин кард” ютган бир ёки икки киши оммавий отишма каби даҳшатли ҳаракатлар содир этгани ёки 2017 йилда ИШИД аъзоси Ню-Йоркда оломон устига машина ҳайдагани ачинарли. Маълум бўлишича, у “Грин кард” лотереясини ютиб, АҚШга кириб келган. Бироқ бу ҳолатлар шунчалик камки, азбаройи уларни баҳона қилиб, бутун бир лотерея дастурини тақиқлаш мантиққа ҳам, қонунга ҳам тўғри келмайди.
Нeга лотeрeя қайталаниши мумкин?
“Грин кард” лотереяси бутунлай тўхтатилгани ҳақида қатъий расмий ҳужжатлар ёки АҚШ ҳукумати расмийларининг изоҳлари йўқ. Чунки на Доналд Трамп, на Кристи Ноэм, на Марко Рубио лотереяни бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас. Зеро, “Грин кард” лотереяси қонун билан 1990 йилда жорий этилган ва унга Конгресс овоз берган.
Маълумки, АҚШда президент ва унинг кабинетининг барча аъзолари ушбу қонунларни амалга оширадиган ижро этувчи ҳокимият вакиллари холос. Улар конгресс қарорларини шунчаки ўзгартира олмайди. Фақат Конгресс бундай ваколатга эга. Шунга кўра, лотерея қонунга киритилгани ва Давлат департаменти томонидан бошқарилгани сабабли, улар ҳар бир аниқ молия йилида аризаларни қабул қилишлари ва ўйин ўтказишлари шарт. 2026-молиявий йил эса 2025 йил 1 октябрда бошланди ва 2026 йил 30 сентябрда якунланади. Шунинг учун Давлат департаменти ушбу муддат ичида лотереяни ўтказиш, аризаларни қабул қилишга мажбур. Ва уни ўтказмаслик ҳақида ҳали ҳеч ким баёнот бермади.
Конгресс 1990 йилдаги қонунни бекор қилиши мумкин, аммо бунинг учун ҳар икки палатанинг учдан икки қисми – Вакиллар палатаси ва Сенат маъқуллаши керак бўлади. Аммо республикачилар, агар хоҳласалар ҳам, бундай қўлловга эга эмас. Аксинча, Конгресснинг кўплаб аъзолари иммиграция соҳасида кенг қамровли ислоҳот ўтказилишини истайди, бироқ бунинг учун Трамп, республикачилар ва демократларда йўқ миқдор – учдан икки овозни олиши шарт. Шунинг учун айни даврда лотереяни бекор қилишлари имконсиз. Бунинг учун қонунни ўзгартиришлари керак.
Қолаверса, 1 йилдан сўнг АҚШда оралиқ президент сайловлари ўтказилади. Тарихий анъанага кўра, Оқ уйда ҳукмрон президент партияси одатда бу сайловларда ютқазиб қўйишини ҳисобга олсак, ҳали-бери бундай кенг қамровли қонунчилик ўзгаришлари кутилмайди, дейиш мумкин.
Трампнинг азалий орзуси
Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп узоқ вақтдан бери “Грин кард” лотерея дастурига қарши чиқиб келади. 2017 йилда, ўзининг биринчи муддатида ҳам Трамп DV-1 дастурини бекор қилишни талаб этган эди. Бунга туртки бўлган ҳужум – Ню-Йорк шаҳрида пикап ҳайдовчиси велосипед йўлига чиқиб, одамларни ва мактаб автобусини уриб юборгани бўлди. АҚШ расмийларига кўра, террорчи – ўзбекистонлик муҳожир Сайфулло Соипов АҚШга DV-1 иммиграция дастури бўйича келган.
2020 йилда эса Трамп элчихона ва консуллик визаларини расмийлаштириш ишларини тўхтатиб қўйиш учун COVIDдан баҳона сифатида фойдаланди. Бу эса 2019 йилда ўтказилган лотереяда ғолиб бўлган ва 2020 йилда иммигрантлик визаси олиши керак бўлган одамлар ҳуқуқини бузди. Натижада 20 000 дан ортиқ хорижлик АҚШ президентини судга берди. Трамп ютқазди. Ниҳоят, 2020 йил 4 сентябрда суд АҚШ ҳукуматига лотереяда ютганларнинг аризаларини қайта кўриб чиқишни буюрди.
Ҳозир ҳам шунга ўхшаш вазият пайдо бўлди. Бундан ташқари, ҳозирги вазият вақтинча танаффус бўлиб, қонунга кўра тез орада Давлат департаменти ҳам, Ички хавфсизлик департаменти ҳам бу пауза қанча давом этишини эълон қилиши керак. Бу 30, 60 ёки 90 кун бўлиши мумкин. Аммо бу пауза лотереяга таъсир қилмайди, фақат ўтган йили “Грин кард” лотереясини ютганлар учун визалар берилиши ва мақомига таъсир қилади. Бошқа тоифадаги мурожаат этувчиларга эмас.
Бундан ташқари, шу йилнинг ёзида, лотереяга ариза бериш жараёнига ўзгартиришлар киритилиши, хусусан, лотерея аввалгидек текин эмас, 1 долларлик тўлов эвазига бўлиши маълум қилинди. Демак, ҳозирча лотереяни буткул бекор қилиш ҳақида режалар йўқ.
Трампнинг популистик баёнотлари
Ҳозиргача Доналд Трамп кўплаб популистик ва шов-шувли баёнотлар берган бўлса-да, уларнинг аксарияти амалга ошмаганини инобатга олиш лозим.
Биринчидан, 2025 йил бошида Доналд Трамп АҚШда туғилган болалар фуқаролигини бекор қилишини бир неча бор таъкидлаган эди. Яъни, “Грин кард”га эга бўлмаган, ноқонуний иммигрант, ёки туристик, ёки талаба визаси билан АҚШда бўлиб турган ота-оналарнинг фарзандларига фуқаролик бериш тўхталиши айтилди.
Лекин кўпгина судлар ушбу қарор ижросига қарши чиқди. Табиийки, барча судлар Конституция томонида эди, чунки бу – Рим ҳуқуқига хос Jus soli деб аталадиган тушунча мавжуд бўлиб, маълум бир мамлакат ҳудудида туғилиш орқали фуқароликни олиш АҚШ Конституцияда мустаҳкамланган. Табиийки, аксарият судлар Доналд Трамп эмас, Конституция тарафини олди. Энди бу фармонни Олий суд кўриб чиқиши керак. Лекин Олий суд ҳам Конституция фойдасига қарор чиқаришига шубҳа йўқ, чунки бу ҳуқуқии ўзгартириш фақат Конституцияни ўзгартириш орқали амалга оширилиши мумкин.
Шу боис ишонч билан айтиш мумкинки, эртами-кечми, миллионлаб одамларнинг “Америка орзуси”га эришиш имконияти қайта тикланади – “Грин кард” лотереяси яна ўтказила бошлайди.
Абулфайз Сайидасқаров