Ўзбекистон Эрон ва Исроилдаги фуқароларни огоҳлантирди
Эрон жавоб тариқасида Исроилга қарата 100 га яқин учувчисиз учоқларни учирди.

Ўзбекистон ТИВ Эрон ва Исроилдаги ватандошларни огоҳлантирди.
"Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши ва Эрон ҳамда Исроилда ракета отишмалари кутилиши муносабати билан сизлардан хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни сўраб қоламиз.
Заруратга қараб Эронда истиқомат қилувчилар бомба бошпаналарига тезлик билан кириш, Исроилда эса фронт орти қўмондонлиги огоҳлантиришларига амал қилиш лозим.
Ҳар икки давлатдаги фуқароларимиз расмий хабарларни мунтазам кузатиб боринг, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар ва элчихона алоқа маълумотларини доимо ёнингизда сақланг", дейилади хабарда.
Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди:
- “Uzbekistan Airways ” авиакомпаниясининг Тошкент - Жидда йўналишидаги рейси соат 6:18 да Тошкент аэропортига қайтиб қўнди;
-" Fly Dubai" авиакомпаниясининг Тошкент - Дубай йўналишидаги рейси маҳаллий вақт билан соат 6:37 да қўнди.
Шунингдек, "Air Cairo" авиакомпаниясининг Олмаота - Шарм-аш-Шайх йўналиши бўйича рейси (07:46) ва "Qatar airways" авиакомпаниясининг Сеул - Доҳа йўналиши бўйича рейси (07:57) Тошкент аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.
Парвозлар ҳолати ҳақида батафсил маълумот олиш учун авиаташувчига мурожаат қилиш мумкин.
"Centrum air" авиакомпаниясининг Тошкент – Доҳа йўналиши бўйича рейси учиш аэропортида кечиктирилди. Йўловчилар вақтинчалик терминалга жойлаштирилди.
Исроил армиясининг маълум қилишича, Эрон жавоб тариқасида Исроил томон 100 га яқин учувчисиз учоқларни учирди. Улар бир неча соат ичида мамлакатга етиб бориши кутилмоқда.
Исроил армияси учувчисиз учоқларни “тўсиб қўйиш устида ишламоқда”.
ИД Эронга зарба бериш учун 200 та самолёт ишлатилиб, 300 дан ортиқ ўқ-дориларни ташлаганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни Исроил Эрондаги объектларга зарба берди.