“Ўзбекнефтгаз” АЁҚШлари ўзбек олигархига яширин сотилгани ошкор бўлди
Дониёр Комилов бундан аввал собиқ ДХХ биносини ҳам сотиб олган, уни бузиб, муҳташам меҳмонхона қурмоқда.
“Ўзбекнефтгаз”га тегишли барча АЁҚШлар янги олигарх Дониёр Комиловга яширинча сотиб юборилгани ошкор бўлиб қолди.
У собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади. “Заправка”лар Дониёр Комиловга 2023 йил декабр ойида ўтиб кетган. Ҳозиргача Давлат активларини бошқариш агентлиги бу ҳақда бирорта маълумот бермаган.
UNG Petro “заправка”ларининг 100 фоиз улуши Petroleum Technology Group МЧЖга тегишли. Ушбу корхона 2023 йил 4 октябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган. 99 фоиз улушига Дониёр Комилов, қолган 1 фоиз улушига эса Комиловнинг Delta Global Dynamiss МЧЖ корхонаси эгалик қилади.
Дониёр Комилов бунгача собиқ ДХХ биносини сотиб олганди. Айни пайтда бу бино бузилиб, ўрнида янги меҳмонхона қурилиши айтилган.
Давактив агентлиги бундай савдоларни биринчи марта яшираётгани йўқ. Масалан, халқ мулки бўлган Ботаника боғини сотиш жараёни катта эътирозлар билан тўхтатиб қолинганди.
Аввалроқ, Давактив томонидан ЎзА ва "Шарқ" бинолари аукционга қўйилиши маълум бўлганди. Маданий мерос агентлиги мазкур қарорга кескин эътироз билдириб, ушбу бинолар мадай мерос сифатида сотилмаслигини билдирганди.