Маданий мерос агентлиги ЎзА ва "Шарқ" бинолари сотилмаслигини маълум қилди

Агентлик ушбу масала юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигига огоҳлантириш жўнатган 

Иқтисод
22 сентябрь 2023 йил
Маданий мерос агентлиги ЎзА ва "Шарқ" бинолари сотилмаслигини маълум қилди

Маданий мерос агентлиги аукционга қўйилиши айтилган ЎзА ва "Шарқ" бинолари сотилмаслигини эълон қилди.

20 сентябр куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг “e-auksion” электрон савдо платформаси орқали Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41 ҳамда 42-уй манзилида жойлашган мулкий мажмуалар (7014597-лот рақами билан рўйхатга олинган) сотувга қўйилгани маълум бўлди.

Бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил, 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига маданий мерос объекти сифатида киритилган.

Объект 1979-1983  йилларда қурилган жами 14 та бино, 2 та бино қисми ҳамда 5 та иншоотдан иборат бўлиб, умумий майдони 60 736,0 м2 ни ташкил этади.

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

“Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси учинчи хатбошига асосан моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари хусусийлаштирилмайдиган давлат мулклари этиб эътироф этилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу маданий мерос объектини аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан 21 сентябр куни огоҳлантириш берилди.

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябр куни тарқатилган хабар кўра, “Шарқ” нашриёт-матбаа АЖнинг бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш ускуналари Учтепа тумани, Катта Хирмонтепа кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган янги бино-иншоотларга кўчирилиши белгиланганди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 42-уйда жойлашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг маъмурий биноси Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилидаги Матбуот уйига кўчирилиши айтилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+