Андижонда Давактив бош мутахассиси 15 минг доллар билан ушланди
Бошқа ҳолатларда эса "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ муҳандиси, кадастр бўлими бошлиғининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Давлат мулки, электр ва ер участкаси билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Жумладан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан маҳаллий тадбиркор билан Избоскан туманидаги кўчмас мулк объектини асосий тўловларини тўлаш шарти билан сотиб олиш ҳақида тузилган уч томонлама шартнома шартларига тадбиркор риоя қилмагани рўкач қилинган. Сўнгра шартномани бекор қилиш, устама ва жарима ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга апелляция шикояти киритилган.
Бундан хабардор бўлган Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали суд ажримини тадбиркор фойдасига ҳал этиш ва тузилган шартномани бекор қилмаслик эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Бош мутахассис сўралган пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Бошқа ҳолатда эса “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали муҳандиси Андижон туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг шоли қуритиш цехида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги ҳолати юзасидан расмийлаштирилган далолатнома бўйича 650 млн сўм зарар ҳисобланишини айтган. Уни 40 млн сўмга камайтириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Вилоят туманларидан бирининг Кадастр бўлими бошлиғи 1959 й.т. фуқарога уй-жой қуриши учун 8 сотих ва деҳқон хўжалиги ташкил қилиши учун 17 сотих ер ажратиб бериш эвазига муқаддам 3 минг АҚШ доллари олган.
Шунингдек, у фуқарога 8 сотих ер ажратилганлиги ҳақида сохта ҳужжат расмийлаштириб берган.
Жорий йилнинг январ-феврал ойларида ўтказилган хатлов жараёнида ушбу ер майдони ноқонуний ажратилганлиги аниқланиб, фуқарога нисбатан 82 млн сўм жарима қўлланилган.
Кадастр мансабдори эса 3 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали қайтариб берган вақтида фош этилди.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
