Қозоғистонда ичида ўнлаб ўзбекистонликлар бўлган автобус бузилиб қолди
Бироз муддат йўловчилар кучли совуқда қолган. Кейинчалик улар Иргиз туманидаги иссиқ бошпанага юборилди.
Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятидаги трассада 52 нафар хорижлик бўлган автобус бузилиб қолган.
21 декабрга ўтар кечаси Самара-Чимкент йўлининг Иргиз туманидан ўтган қисмида йўловчи автобуснинг бузилиши оқибатида одамлар кучли совуқда қолиб кетган.
Қутқарувчилар автобусдан 52 нафар йўловчини, жумладан бир болани Иргиз қишлоғидаги энг яқин иссиқлик пунктига эвакуация қилди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари, яна олти нафари Тожикистон фуқароларидир.
Йўловчилардан ҳеч ким тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Сўнгра барча йўловчилар бошқа автобусда ўз манзилига жўнаб кетишди, дейилади Қозоғистон ФВБ хабарида.
Аввалроқ Россиянинг Уляновск вилоятида ўзбекистонликлар автоҳалокатга учраганди.