Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши самолётлар парвозига таъсир қилди
Душанбедан Дубайга учаётган самолёт Тошкентга қўндирилган, Мадина – Фарғона йўналиши бўйича рейс эса Дубайда тўхташга мажбур бўлган.
Эрон устидаги ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир қанча авиакомпаниялар парвоз йўналишларини ўзгартирди. Бу ҳақда Uzbekistan airports хабар берди.
Яқин Шарқдаги кескин вазият сабаб Jazeera airways авиакомпаниясининг Тошкент – Қувайт йўналиши бўйича J9-1650 рейси соат 04:50да учиб Тошкент аэропортига қайтди – самолёт маҳаллий вақт билан соат 07:06да жўнаш аэропортига қўнди.
Шунингдек, Fly Dubai авиакомпаниясининг Душанбе – Дубай йўналиши бўйича F3-778 рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилди. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 08:32 да Тошкентга келиб қўнди. Экипажнинг дам олиши муносабати билан Тошкентдан учиш маҳаллий вақт билан соат 21:00га белгиланган. Йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилади.
Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкент – Дубай йўналиши бўйича рейси ҳам соат 04:58да ҳавога кўтарилиб, 06:58 да Ашхободдаги муқобил аэродромга қўнди.
Centrum air авиакомпаниясининг Жидда – Тошкент йўналиши бўйича рейси ҳам худди шу сабаб билан Ар-Риёддаги муқобил аэродромга қўнди. Шунингдек, Мадина – Фарғона йўналиши бўйича рейс ҳам Тошкент вақти билан соат 08:17 да Ал-Мактум (Дубай) аэропортига қўнди.
Ушбу рейсларнинг жўнаб кетиши ҳақидаги тўлиқ маълумотларни авиакомпания вакилларидан олиш мумкин.
Шунингдек, маршрути Эрон ҳаво ҳудуди орқали амалга ошириладиган бир қатор рейслар Ўзбекистон шаҳарларидан кечикиш билан учиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил кучлари 26 октябрга ўтар кечаси Эрон ҳудудига зарбалар берди.