Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида ёнғин содир бўлди
Институт ҳудудида янгидан қурилаётган (қурилиши тугалланмаган) фаоллар залида ёнғин содир бўлган.
1 октябрь куни соат 23:45 да Самарқанд шаҳар Лолазор кўчасида жойлашган Самарқанд Давлат Архитектура-қурилиш институти ҳудудида янгидан қурилаётган (қурилиши тугалланмаган) фаоллар залида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда вилоят ФВБ хабар берди.
Шунга кўра, 6 та ёнғин қутқарув экипажлари жалб қилиниб, воқеа жойига соат 23:54 да етиб бориб, соат 00:30 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган, дейилади хабарда.
Ёнғин натижасида эски қурилиш махсулотлари ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Тошкент давлат аграр университетида ҳам ёнғин юз берганди.