Самарқандда боласини 85 минг долларга сотмоқчи бўлган аёлга жазо тайинланди
Аёл Самарқанддаги ОТМлардан бирининг бешинчи босқичида таҳсил олган. 2025 йил ноябрь ойида учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Ҳомиладорлиги даврида турмуш ўртоғи билан келишмовчиликлар юзага келгани сабабли ота-онасининг уйида яшаган. Орадан вақт ўтиб, оила моддий жиҳатдан қийналгач, эркак аёлига болани сотишни таклиф қилган.

Самарқанд шаҳрида янги туғилган чақалоғини 85 минг долларга сотмоқчи бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда суд ҳужжатида маълум қилинган.
Аниқланишича, 1999 йилда туғилган аёл Самарқанддаги ОТМлардан бирининг бешинчи босқичида таҳсил олган. 2025 йил ноябрь ойида учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Ҳомиладорлиги даврида турмуш ўртоғи билан келишмовчиликлар юзага келгани сабабли ота-онасининг уйида яшаган.
2026 йил июль ойи бошида Telegram’даги “Суррогат она” гуруҳига қўшилган. Шундан сўнг ўзини “Одина” деб таништирган ва гуруҳ админи эканини айтган шахс унга ёзиб, ҳомиладорлигини билгач, бола сотиб олмоқчи бўлган оила борлигини айтган. Уларга тез орада туғиладиган чақалоқ кераклиги ва бунинг учун 70 мингдан 90 минг долларгача беришлари мумкинлигини билдирган. Кейин аёл билан бошқа шахслар боғланиб, болани 90 минг долларга олишларини айтган.
Эркакнинг онаси аввалига уларнинг турмуш қуришига қарши бўлган, чақалоқ туғилгач эса уни ҳам қабул қилишни истамаган. Орадан вақт ўтиб, оила моддий жиҳатдан қийналгач, у аёлига болани сотишни таклиф қилган.
Июль ойи охирларида аёл Самарқанддаги туғуруқхонада жарроҳлик амалиёти орқали ўғил фарзандли бўлган. Туғруқдан кейин ўзини видеога олиб, аввал гаплашган шахсларга юборган ва боласини бермаслигини, фикридан қайтганини билдирган.
Бироқ у суҳбатлашган аёл унинг видеосини Telegram гуруҳига тарқатиб, “пул олиб, болани бермаган фирибгар” сифатида кўрсатиш билан қўрқитган. Судланувчи бундан чўчиб, аёлга туғуруқхона манзилини юборган.
Шундан сўнг туғуруқхона олдига автомобилда икки эркак ва бир аёл келган. Улар пулни фақат чақалоқни кўрганларидан кейингина беришларини айтиб, аёлдан болани ташқарига олиб чиқишни талаб қилган. У шифокорлар рухсат бермаслигини билдирганига қарамай, машинадагилар ўз сўзида туриб олган.
Шундан кейин судланувчи шифокорларга боласини Тошкентга олиб кетишини билдириб, унинг учун ўзи жавобгар экани ҳақида тилхат ёзган ва чақалоқни ташқарига олиб чиққан. Чақалоқни машинага олиб чиққанидан кейин у ердаги аёлнинг талабига кўра яна бир тилхат ёзиб берган.
Шундан кейин улар бола учун 85 минг доллар беришларини айтиб, бир тахлам пул узатган. Судланувчи пулни олаётган вақтида Самарқанд шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.
Аёл судда айбини тўлиқ тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Шунингдек, турмуш ўртоғи билан ажрашгани, фарзандлари қарамоғида экани ва соғлиғида муаммолар борлигини айтиб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди айбланувчини Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “б” банди (одам савдоси) билан айбдор деб топган. Унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ суд Жиноят Кодексининг 72-моддасига асосан тайинланган жазони шартли қўллаб, аёлга уч йил синов муддати белгилаган.





