Исроил оммавий қирғинбарот сабаб Халқаро судга тортилиши мумкин
Айблов Исроилнинг дипломатик изоляциясига, бойкот ва санкцияларга олиб келиши мумкин.
Исроил прокурорлари ва хавфсизлик хизмати расмийлари БМТ Халқаро суди яҳудий давлатини Ғазо секторида геноцид содир этишда айблаши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz газетаси хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, номи ошкор этилмаган ҳуқуқшунос-эксперт Исроил армияси қўмондонлигини, жумладан, Бош штаб раҳбари Герзи Ҳа-Левини Халқаро суднинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш талаби билан қарор қабул қилишининг реал эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. Исроил ҳарбийлари ва мамлакат прокуратураси аллақачон шикоятни кўриб чиқишга тайёргарлик кўришга киришган. Маълум қилинишича, ушбу масала юзасидан мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида йиғилиш бўлиб ўтади.
Газетанинг қайд этишича, Халқаро суддаги айблов Исроилга қарши геноцид айбловларини кучайтириши ва унинг дипломатик изоляциясига, бойкот ва санкцияларга олиб келиши мумкин.
Мақолада таъкидланишича, Исроил юрисдикциясини тан олмайдиган Гаага Халқаро жиноий суддан фарқли ўлароқ, яҳудий давлати БМТ Халқаро суди олдида мажбуриятларга эга. Бундан ташқари, Исроил БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясини имзолаган ва ратификация қилган.
Ўтган йилнинг декабр ойи охирида Жанубий Aфрика Республикаси Ғазо секторида Исроил томонидан содир этилган геноцид ҳақида баёнот билан БМТ Халқаро Судга мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил зарбалари оқибатида Ғазода ўлганлар сони 20 минг кишидан ошиб кетди. Шунингдек, ҳудудда юздан ортиқ журналистлар ҳалок бўлди.