"У ҳукуматда бир дақиқа ҳам қолмайди": Нетаняҳунинг рақиби кескин баёнот билан чиқди
Исроил ҳукуматини шакллантириши кутилаётган Гади Айзенкот Нетаняҳунинг ёрдамчиси сайловларга аралашгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Исроил бош вазирлигига номзод Гади Айзенкот 15 ноябрь куни муваққат бош вазир Биньямин Нетаняҳунинг ёрдамчиси сайловларга аралашгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
У Нетаняҳу "ҳукуматда ортиқ бир дақиқа ҳам қола олмаслигини" айтди.
Икки сиёсатчининг вакиллари миллий бирлик ҳукуматини тузиш масаласини муҳокама қилиш учун учрашган эди. Орадан бир неча соат ўтгач, Айзенкот ўз рақибига қарши қаттиқ танқидлар ёғдирди.
“Истеъфога чиқиш арафасида турган бош вазир Биньямин Нетаняҳу ва унинг атрофидагиларнинг хатти-ҳаракати Исроил демократиясига аниқ ва тўғридан тўғри таҳдид солмоқда”, деди собиқ армия қўмондони Айзенкот.
Аввалроқ Исроилнинг Channel 13 телеканали сайлов арафасида содир бўлган воқеа ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, Нетаньяху маъмурияти раҳбари Идо Норден полиция комиссари идорасига қўнғироқ қилган. У исроиллик араблардан иборат “Раам” партияси аъзолари устидан шикоят билдирган.
Channel 12 маълумотларига кўра, суҳбат давомида Норден полиция ходимларини разведка манбасига йўналтирган. Ушбу манба Нетаньяху идорасининг собиқ ходими бўлган.
Манба берган маълумотлар асосида “Раам” партиясининг уч нафар аъзоси ҳибсга олинган. Шундан сўнг Нетаняҳу исроиллик араблар партияларига қарши ҳужум бошлаган. У рекорд даражада кўп ўрин олган бу партияларни сайловларни сохталаштиришда айблаган.
Кейинчалик полиция манба берган маълумотлар асоссиз эканини аниқлаган. Шундан сўнг ҳибсга олинган уч киши қўйиб юборилган.





