Тадбиркорлик билан шуғулланган юздан зиёд давлат ходимлари аниқланди

Ушбу ходимлар Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими, Маданият вазирликлари ва  уларнинг тизим ташкилотларида фаолият юритади. 

Жамият
5 кун аввал, 11:07
Тадбиркорлик билан шуғулланган юздан зиёд давлат ходимлари аниқланди

Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида тадбиркорлик билан шуғуллаётган ходимлар аниқланди. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилган. Натижада уларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходим 116 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди.

Жумладан, Транспорт вазирлигининг 50 та бошқарув ходимлари 55 та тадбиркорлик субъектларида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 37 та бошқарув ходимлари 39 та тадбиркорлик субъектларида ҳамда Маданият вазирлигининг 20 та бошқарув ходимлари 22 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган. 

Юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга Агентлик томонидан киритилган тақдимномалар ушбу вазирликлар томонидан танқидий муҳокама қилинди ва тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда.

Аввалроқ Қурилиш, Сув ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда 398 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги маълум бўлганди. 

Эслатма: «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шу билан бирга,  «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+