Бош вазир Абдулла Арипов қашқадарёлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Унда 300 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди. Улар орасида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган ишбилармонлар бор.

Бош вазир Абдулла Арипов қашқадарёлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Қарши шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида қашқадарёлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда 300 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди. Улар орасида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган ишбилармонлар бор.
Мулоқотнинг муҳим жиҳати - тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита масъул раҳбарларга етказиш ҳамда имкон қадар шу жойнинг ўзида ҳал этишга эътибор қаратилганидир.

Учрашувда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ташкилотлари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам иштирок этди.
Тадбиркорлар бизнесни юритиш ва кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, молиялаштириш, инфратузилма, ер ва бошқа масалалар бўйича ўз таклифларини билдирди.

Ҳар бир мурожаат масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилди. Қўшимча ўрганишни талаб этмайдиган масалалар жойида ҳал этилди, қолган мурожаатлар бўйича эса аниқ чора-тадбирлар, ижро муддатлари ва масъуллар белгиланди.





