platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Иқтисод

Пешлавҳани рекламага тенглаштириш тўхтатилди

Ўзбекистонда тадбиркорлар ўзлари эгаллаб турган бино пештоқига корхона номи ва фаолият турини ёзиш учун реклама жойи паспортини расмийлаштириши шарт эмас. Ҳукумат қарори билан бундай пешлавҳалар ташқи реклама ҳисобланмайдиган бўлди.

Пешлавҳани рекламага тенглаштириш тўхтатилди
Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги

Тошкент шаҳрида кўплаб тадбиркорларда норозилик уйғотган пешлавҳа муаммоси бартараф қилинди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 563-сон қарори билан ташқи рекламани жойлаштириш, реклама жойи паспортини расмийлаштириш ва реклама конструкцияларини демонтаж қилиш тартибларига ўзгартиришлар киритилди.

Янги тартибга кўра, тадбиркорлар учун бир қатор енгилликлар жорий этилди.

1. Дўкон ва офис пешлавҳалари учун реклама паспорти талаб қилинмайди

Тадбиркорлик субъекти ўзи фойдаланаётган бино ёки иншоотнинг ташқи томонида, кириш қисмида жойлаштирган номи ва фаолият тури ҳақидаги ахборот ташқи реклама ҳисобланмайди.

Бу қоида фирма номи, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисига ҳам тааллуқли. Бундай ахборот учун реклама жойи паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.

2. Автомобилларга реклама жойлаштириш соддалаштирилди

Юридик шахслар ўзларига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган автомобилларга ўз товар белгиси, фаолият тури, ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари ёки кўрсатадиган хизматлари ҳақидаги маълумотларни соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин.

Бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЙИДХП) орқали электрон шаклда хабарнома юборилади.

Хабарнома қабул қилингач, реклама жойининг паспорти автоматик равишда шакллантирилади. Бунинг учун йиғим ундирилмайди.

Агар хабарномада нотўғри маълумотлар ёки бошқа шахсларга тегишли товар белгилари аниқланса, реклама жойи паспорти бекор қилинади. Бу ҳақда юридик шахсга асослантирилган хат юборилади.

3. Реклама паспортини онлайн бекор қилиш мумкин

Тадбиркор реклама жойи паспортидан ихтиёрий равишда воз кечмоқчи бўлса, ЙИДХП орқали ариза юбориши мумкин. Тегишли маълумотлар солиқ органларига автоматик равишда етказилади.

4. Вақтинчалик реклама учун муддатлар белгиланди

Қарорга мувофиқ, айрим вақтинчалик реклама объектлари учун аниқ муддатлар белгиланган:

Қурилиш объектларидаги реклама — қурилиш ишлари тугагунига қадар жойлаштирилиши мумкин.

Байрамлар ва тадбирлар учун реклама — 30 кунгача жойлаштирилиши мумкин.

5. «Дизайн-код»ни ўзгартириш тартиби белгиланди

Ҳудудларнинг ташқи кўриниши ва реклама жойлаштирилишига оид дизайн-код бўйича қарорлар жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, regulation.gov.uz портали орқали муҳокамадан ўтказилгандан кейин қабул қилинади.

Қарорлар эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради. Бунда рўйхатдан ўтказилган товар белгиларидан фойдаланиш имконияти сақланиши шарт.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг дизайн-коди 10 декабргача тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши белгиланган.

6. Реклама конструкцияларини демонтаж қилиш тартиби аниқ белгиланди

Мажбурий демонтаж жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Икки кун олдин огоҳлантириш: демонтажнинг санаси ва вақти ҳақида веб-сайтда эълон берилади, объект эгасига эса ёзма хабар юборилади.

Белгиланган иш вақти: демонтаж фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилади.

Далолатнома тузиш: демонтаж вақтида объект эгаси иштирокида далолатнома расмийлаштирилади. Унда сана, вақт, демонтаж сабаби, фотосуратлар ва конструкция сақлашга юборилган манзил кўрсатилади.

Ёзма хабардор қилиш: тадбиркорга тегишли қарор ва хабарномалар унинг юридик манзилига ҳам ёзма равишда юборилади.

7. Ташқи реклама устидан жамоатчилик назорати кучайтирилади

Ташқи реклама объектларининг жойлаштирилиши устидан жамоатчилик назорати «Халқ назорати» электрон портали орқали амалга оширилади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid