platina.uz

Тўртта вазирликдаги 160 нафар ходим тадбиркорлик қилаётгани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур масала юзасидан вазирликларга тақдимнома киритди. Ушбу ходимларга огоҳлантириш хатлари берилган. 

Жамият
21 октябрь, 15:00
Тўртта вазирликдаги 160 нафар ходим тадбиркорлик қилаётгани аниқланди

Аксилкоррупция агентлиги тўрт вазирликда ишловчи давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳолатларига чек қўйилгани бўйича хабар берди.

Агентлик томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар, Энергетика вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда 160 нафар бошқарув ходими 170 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Жумладан:

- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та;

- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та;

- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та;

- Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мазкур вазирликларга Агентликнинг тақдимномалари киритилди.

Ўз навбатида, вазирликлар томонидан тақдимномалар танқидий муҳокама қилинган ҳолда тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари ҳозирда бартараф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, давлат фуқаролик хизматчиларига "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги
қонунларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+