БМТ Хавфсизлик кенгаши раислиги Россияга ўтди
Россия раислигида уч муҳим тадбир режалаштирилган, улар орасида Фаластин масаласи ҳам бор.
Жорий йилнинг 1 июлидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик бир ой муддатга Россияга ўтди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги шу ҳақда хабар қилган.
Вазирлик баёнотида келтирилганидек, бу Россияга БМТ Низомига мувофиқ халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга самарали чоралар кўриш учун асосий масъулият юклайди.
Россия раислигидаги асосий тадбирлар июл ойи ўрталарида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу даврда учта марказий тадбир режалаштирилган.
Жумладан, 16 июлда – “Aдолатли, демократик ва барқарор дунё тартиботини яратиш манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорлик” мавзусида вазирлар даражасида очиқ мунозара ўтказилади.
17 июлда - Яқин Шарқдаги вазият, шу жумладан Фаластин масаласи бўйича вазирлар даражасида очиқ мунозара режалаштирилган.
19 июлда эса Хавфсизлик Кенгашида БМТнинг КХШТ, МДҲ ва ШҲТ билан ҳамкорлиги бўйича мунозаралар ўтказиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш керак, дастлабки икки тадбирга Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров раислик қилади.
Умуман олганда, Кенгашнинг иш дастури жуда бой. Мандат-ҳисобот цикли доирасида Ҳаити, Конго Демократик Республикаси, Ғарбий Aфрика ва Соҳилий минтақаси, Яман, Кипр, Колумбия, Ливан ва Суриядаги вазият, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази фаолиятига бағишланган мажлислар ўтказилади.
Шу билан бирга, БМТнинг Ҳаитидаги Бирлашган вакиллиги ҳамда БМТнинг Ҳудей бўйича келишувларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича миссияси мандатларини ва Хавфсизлик Кенгашининг Марказий Африка Республикасига нисбатан санкция режимининг ваколатларини узайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо сектори учун гуманитар механизми тўғрисидаги 2720-сонли резолюцияси ижроси юзасидан БМТнинг Ғазо секторидаги гуманитар масалалар ва қайта қуриш бўйича катта координатори С.Кааг иштирокида муҳокамалар ҳам кун тартибидан ўрин олган.