Йил бошидан буён салкам 6,5 минг киши Санкт-Петербургдан чиқариб юборилди
Улар миграция қонунчилигини бузишда айбланган. Чиқариб юборилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор, аммо уларнинг сони очиқланмаган.

Йил бошидан буён салкам 6,5 минг киши Санкт-Петербургдан чиқариб юборилди, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.
2026 йил бошидан бери Санкт-Петербург суд ижрочилари қарийб 6500 нафар чет эл фуқаросини Пулково аэропортидаги назорат ўтказиш пунктига кузатиб қўйишди ва уларга Россиядан чиқиб кетишни буюришди.
Федерал суд ижрочилари хизматининг Санкт-Петербург бош бошқармаси маълумотларига кўра, бу рақам ўтган йилнинг шу давридаги 6000 дан сал кўпроқни ташкил этган.
Айтилишича, энг кўп Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари Россияда бўлиш қоидаларига риоя қилмаган. Бу йил депортация қилинганлар орасида Жазоир, Гвинея, Бангладеш, Бразилия, Филиппин, Иордания, Германия, Исроиль, Канада ва АҚШ фуқаролари ҳам бор эди.
Россияда кириш ёки бўлиш қоидаларини бузганлик учун чет элликлар Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 18.8-моддаси бўйича жавобгарликка тортилади. Депортация қилингандан сўнг, уларга беш йил давомида мамлакатга кириш тақиқланади.
Россияда кадрлар танқислиги сабаб айрим меҳнат мигрантлари мажбурий имтиҳонлардан озод қилиниши мумкинлиги хабар берилганди.





