platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Сиёсат

Тарихий учрашув якунланди: Путин, Си Цзиньпин ва Трамп нималар ҳақида гаплашди?

1945 йил февраль ойида Ялтада Иосиф Сталин, Франклин Рузвельт ва Уинстон Черчилль учрашиб, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги халқаро тартибнинг муҳим масалаларини муҳокама қилган эди. Бироқ ҳозирги вазият ўша даврдан тубдан фарқ қилади. Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Россия президенти Владимир Путин, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида тарихий уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Қарийб бир ярим соат давом этган учрашув халқаро муносабатларда янги сиёсий босқич бошланаётгани ҳақидаги баҳсларни кучайтирди.

Тарихий учрашув якунланди: Путин, Си Цзиньпин ва Трамп нималар ҳақида гаплашди?

Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Россия президенти Владимир Путин, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида тарихий уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Қарийб бир ярим соат давом этган учрашув халқаро муносабатларда янги сиёсий босқич бошланаётгани ҳақидаги баҳсларни кучайтирди. Жаҳоннинг уч йирик ядровий давлати раҳбарлари Украинадаги уруш, Эрон атрофидаги вазият, ядровий қуролланишни назорат қилиш ва глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

19 ноябрь куни Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти — ОТОИҲТ саммити доирасида ўтказилган музокаралар Россия, АҚШ ва Хитой етакчиларининг шу форматдаги илк юзма-юз учрашуви сифатида тарихга кирди.

Тарихий учрашув якунланди: Путин, Си Цзиньпин ва Трамп нималар ҳақида гаплашди?

Associated Press хабарига кўра, музокаралар бир соатдан кўпроқ давом этган. Айрим Америка нашрлари учрашув давомийлигини тахминан 80 дақиқа деб баҳоламоқда. Уч давлат раҳбарлари глобал хавфсизлик бўйича мулоқотни давом эттириш зарурлигини билдирган бўлса-да, дастлабки хабарларда мажбурий кучга эга йирик келишув имзолангани тасдиқланмаган.

Шунга қарамасдан, саммитнинг сиёсий аҳамияти фақат музокаралар натижаси билан чекланмайди. Унинг ўтказилишининг ўзи халқаро кучлар мувозанатида жиддий ўзгаришлар кечаётганини кўрсатади.

Уч давлат раҳбарлари нималар ҳақида гаплашди?

Музокараларнинг марказий мавзуси йирик давлатлар ўртасидаги стратегик барқарорликни таъминлаш, ҳарбий тўқнашувлар хавфини камайтириш ва халқаро муаммоларни сиёсий йўл билан ҳал қилиш имкониятлари бўлди.

Владимир Путин учрашувни ташкил этгани учун Си Цзиньпинга миннатдорлик билдириб, Россия, АҚШ ва Хитойнинг глобал хавфсизликни таъминлашда алоҳида масъулияти борлигини таъкидлади. Россия раҳбари Иккинчи жаҳон уруши натижаларига мурожаат қилиб, уч давлатни ғалаба қозонган мамлакатлар сифатида тилга олди. Унинг фикрича, тарихий тажриба бугунги геосиёсий қарама-қаршиликларга қарамай, йирик давлатлар ўртасида амалий ҳамкорлик имконияти мавжудлигини кўрсатади. Путиннинг бу баёноти Москва халқаро хавфсизлик тизимида ўзини тенг ҳуқуқли ва ҳал қилувчи иштирокчи сифатида эътироф эттиришга интилаётганидан далолат беради.

Си Цзиньпин эса буюк давлатлар ўртасидаги тинч ҳамкорлик дунё барқарорлигининг муҳим шарти эканини таъкидлади. Хитой раҳбари тўрт асосий тамойилни илгари сурди: ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва музокаралар орқали келишмовчиликларни бартараф этиш. У давлатлар суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий манфаатларини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик ҳамда инқирозли вазиятларда мулоқот механизмларини яратиш муҳимлигини қайд этди.

Дональд Трамп ўз навбатида, АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарларининг нафақат ўз мамлакатлари, балки бутун сайёра келажагига таъсир кўрсатадиган масалалар бўйича алоҳида масъулияти мавжудлигини билдирди. Америка президенти ядровий қуроллар сонини қисқартириш, улардан фойдаланиш хавфини камайтириш ва глобал можароларга дипломатик ечим топиш зарурлигини таъкидлади. Трамп учрашувни тарихий воқеа деб атаб, уч мамлакат мулоқоти жаҳон тинчлиги йўлида янги имкониятлар очиши мумкинлигига ишонч билдирди.

Гарчи Путин ва Трамп музокаралар якуни ҳақида журналистлар учун брифинг ўтказишдан бош тортишган бўлсада, музокараларнинг очиқ қисмида берилган баёнотлар ҳам ўта муҳим. 10 дақиқадан ортиқ давом этган ушбу босқичда Путиннинг айтишича, Трамп билан бугунги учрашувда АҚШ президенти ташаббуси билан Украина можаросига катта эътибор қаратилган. Зеро, Россия, Хитой ва АҚШ конструктив ҳамкорлик қилса, дунёда барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўша олади. Путиннинг айтишича, Россия, АҚШ ва Хитойни нафақат Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган давлатлар мақоми, балки халқаро тинчликни сақлаш масъулияти ҳам бирлаштиради.

Чунки, Россия, Хитой ва АҚШ БМТни ташкил этишда асосий давлатлардан бўлган. Шунинг учун халқаро ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш вазифаси ҳам уларнинг зиммасида. Бунинг устига, уч давлатнинг минтақавий можароларни, жумладан Украинадаги низони ҳал қилиш бўйича кўплаб муштарак манфаатлари бор. Шу билан бирга, Россия етакчиси халқаро терроризм ва трансмиллий жиноятчиликни Россия, АҚШ ва Хитой учун умумий таҳдидлар қаторида қайд этди.

Тарихий учрашув якунланди: Путин, Си Цзиньпин ва Трамп нималар ҳақида гаплашди?

Си Цзиньпин эса йирик давлатлар ўзаро тинч-тотув яшаса, дунёда осойишталик ҳукм суришини айтди. Агар улар ўртасида зиддият юзага келса, бутун дунё тартибсизликка дуч келади. Хитой раҳбарининг фикрича, Хитой, Россия ва АҚШ глобал муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилиши, тинчлик ва барқарорликни биргаликда ҳимоя қилиши керак. Хитой сўнгги йилларда Россия билан мувофиқлашган ҳолда ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириб келмоқда. Си Цзиньпин етакчи давлатлар ўртасида ижобий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, дунё тез суръатларда ўзгариб бормоқда ва сайёрада ҳозир осойишталик йўқ.

АҚШ президентининг таъкидлашича эса, Россия, АҚШ ва Хитой раҳбарлари бутун дунёга таъсир қилувчи масалалар бўйича мулоқотни давом эттиришда алоҳида масъулиятга эга. Трамп Россия ва Хитой раҳбарлари билан бугун учрашишни ўзи учун шараф деб атади. Шунингдек, уч томонлама учрашувда ўз юрисдикциясидан ташқарида фаолият юритаётган Халқаро жиноий суд масаласи ҳам муҳокама қилинишини билдирди. АҚШ етакчсининг таъкидлашича, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди. Трамп давлатлар ядровий қуролга эга бўлиб олганидан кейин ундан воз кечиши жуда қийинлигини таъкидлади. Унинг айтишича, уч томонлама учрашув ўта муҳим қатор масалаларни ҳал қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Украина масаласи: келишувга йўл очилдими?

Саммитнинг энг нозик масалаларидан бири Россиянинг Украинага қарши уруши бўлди. Уч томонлама музокаралардан олдин Путин ва Трамп алоҳида учрашув ўтказди. Тахминан 35–40 дақиқа давом этган суҳбатда Украинадаги вазият, икки томонлама муносабатлар ва кейинги дипломатик мулоқот имкониятлари муҳокама қилинди. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ушбу мулоқотни уч томонлама саммитга тайёргарлик хусусиятига эга учрашув сифатида баҳолади. Бироқ унинг якунида аниқ тинчлик келишуви шартлари эълон қилинмади.

Таъкидлаш лозим, Москва учун мазкур учрашувнинг аҳамияти катта. Биринчидан, Россия АҚШ билан олий даражада бевосита мулоқот қилиш имкониятини мустаҳкамламоқда. Иккинчидан, Хитой иштирокидаги формат Кремлга ўз хавфсизлик манфаатларини кенгроқ геосиёсий муҳокама доирасида илгари суриш имконини беради.

Бироқ Украина иштирокисиз унинг ҳудудлари, хавфсизлик кафолатлари ёки сиёсий келажагига оид барқарор келишувга эришиш мураккаб. Киев ва унинг европалик ҳамкорлари тинчлик жараёни Украина суверенитети ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланиши зарурлигини таъкидлайди. Шу боис Шэньчжэнь музокаралари дипломатик мулоқотни жонлантириши мумкин, аммо уларни Украинадаги уруш якунланишининг кафолати сифатида баҳолашга ҳали эрта.

Ядровий хавфсизлик: уч давлат ўзаро келиша оладими?

Музокараларнинг яна бир муҳим йўналиши ядровий қуролланишни назорат қилиш бўлди. 2026 йил февраль ойида АҚШ ва Россия ўртасидаги New START стратегик ядровий қуролларни чеклаш шартномасининг амал қилиш муддати тугади. Бу икки давлат ядровий арсеналларини шартномавий чеклаш тизимида жиддий бўшлиқ пайдо қилди.

Трамп янги келишувга Хитой ҳам қўшилишини истамоқда. Аммо Пекиннинг позицияси Вашингтон ва Москва қарашларидан фарқ қилади. Бундай зиддият шароитида Пекин Москва ва Вашингтон билан бир хил миқдорий чекловларни қабул қилишга шошилмаяпти. Шунга қарамай, уч давлат ўртасида мунтазам стратегик мулоқот йўлга қўйилиши ядровий инқирозларнинг олдини олишда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Эрон инқирози ва глобал иқтисодий хавфлар

Эрон атрофидаги ҳарбий можаро ҳам саммитнинг муҳим мавзуларидан бирига айланди. Трамп Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик позициясини яна бир бор таъкидлади. Шу билан бирга, у Хитой билан музокараларда Ҳурмуз бўғози орқали энергия ресурсларининг узлуксиз етказиб берилишига алоҳида эътибор қаратди. Бу масала халқаро иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга. Ҳурмуз бўғози орқали нефт ва суюлтирилган газ ташишдаги узилишлар энергия нархларининг ошиши, инфляция кучайиши ва халқаро савдо харажатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Хитой дунёнинг йирик энергия импортчилари қаторида экани сабабли Яқин Шарқдаги беқарорлик унинг иқтисодий манфаатларига бевосита таъсир қилади. Россия эса йирик энергия экспортчиси сифатида бозордаги ўзгаришлардан иқтисодий манфаат кўриши мумкин. Бироқ узоқ давом этадиган можаролар глобал талаб ва молиявий барқарорликка салбий таъсир кўрсатади. Шу маънода, уч мамлакатнинг айрим иқтисодий манфаатлари бир-бирига мос келса-да, Эрон масаласида уларнинг стратегик мақсадлари тўлиқ бир хил эмас.

«Ялта 2.0»: дунё қайта тақсимланадими?

Учрашувнинг энг катта сиёсий баҳсларидан бири унинг 1945 йилги Ялта конференцияси билан қиёсланишидир. «Коммерсант» газетасининг махсус мухбири Андрей Колесников Путинга Шэньчжэндаги саммит «Ялта 2.0»ни эслатадими, деган савол билан мурожаат қилди. Интерфакс хабарига кўра, Россия президенти саволга жавобан тасдиқ маъносида бош ирғаган.

Маълумки, 1945 йил февраль ойида Ялтада Иосиф Сталин, Франклин Рузвельт ва Уинстон Черчилль учрашиб, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги халқаро тартибнинг муҳим масалаларини муҳокама қилган эди. Бироқ ҳозирги вазият ўша даврдан тубдан фарқ қилади. Аввало, Россия, АҚШ ва Хитой бугун ягона ҳарбий иттифоқ аъзолари эмас. Шунингдек, уларнинг Украина, Тайвань, халқаро савдо ва минтақавий хавфсизлик бўйича қарашлари жиддий фарқланади. Бунинг устига, Ялта учрашувида агрессор Гитлер қатнашмаган. Бугун эса агрессор джавлат раҳбари Путин музокаралар столида ўтирибди.

Қолаверса, ҳозирги халқаро тартибот тизимида Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Япония, Туркия ва бошқа минтақавий кучлар ҳам мустақил сиёсий ва иқтисодий таъсирга эга.

Албатта, Путиннинг ишораси расмий келишув ёки дунёни таъсир доираларига ажратиш режаси қабул қилинганини англатмайди. Шунинг учун «Ялта 2.0» атамасини ҳозирча воқеанинг ҳуқуқий натижаси эмас, балки геосиёсий рамзи сифатида тушуниш тўғрироқ бўлади.

Бир қутбли дунё тартиботи тугаяптими?

The Wall Street Journal нашри Шэньчжэнь учрашувини АҚШ етакчилигидаги бир қутбли халқаро тартиб заифлашаётганининг навбатдаги белгиси сифатида баҳолади. Газета таҳлилига кўра, Вашингтоннинг икки асосий геосиёсий рақиби билан бир стол атрофида музокара олиб бориши глобал кучлар мувозанати ўзгараётганини намоён этмоқда.

Совуқ уруш тугаганидан кейин АҚШ ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик жиҳатдан етакчи куч сифатида ажралиб турган эди. Бироқ Хитойнинг иқтисодий ва технологик қудрати ўсиши, Россиянинг ҳарбий-стратегик салоҳияти, шунингдек, йирик минтақавий давлатларнинг мустақил ташқи сиёсат юритишга интилиши халқаро тизимни мураккаблаштирди.

Айни пайтда бир қутбли тартибнинг заифлашиши автоматик равишда уч қутбли дунё шаклланди, дегани эмас. Хитой иқтисодий жиҳатдан қудратли, Россия муҳим ҳарбий-ядровий салоҳиятга эга, АҚШ эса глобал молия, технология ва ҳарбий иттифоқлар тизимида катта таъсирини сақлаб қолмоқда. Шу сабабли келажакдаги дунё тартиби қатъий уч қутбли тизимдан кўра, бир нечта йирик ва минтақавий кучлар ўртасидаги ўзгарувчан мувозанатга асосланиши эҳтимоли юқори.

Энди нима бўлади?

Шэньчжэнь саммитидан кейин халқаро муносабатлар ривожланишининг учта эҳтимолий йўналиши кўзга ташланмоқда.

Биринчи сценарий — чекланган амалий ҳамкорлик. Уч мамлакат стратегик хавфсизлик, ядровий қуролланиш ва минтақавий можаролар бўйича доимий маслаҳатлашув механизмларини яратиши мумкин. Бу энг реалистик йўналишлардан бири ҳисобланади.

Иккинчи сценарий — йирик дипломатик келишувлар. АҚШ, Россия ва Хитой айрим масалаларда муроса топиб, ядровий хавфсизлик ёки можароларни тартибга солиш бўйича келишувларга эришиши мумкин. Аммо бунинг учун ўзаро ишонч ва манфаатлар мувофиқлиги талаб этилади.

Учинчи сценарий — рамзий яқинлашувдан кейин рақобатнинг давом этиши. Раҳбарлар ўртасидаги ижобий мулоқотга қарамай, Украина, Тайвань, Эрон ва технологик устунлик масалаларидаги зиддиятлар сақланиб қолиши мумкин.

Ҳозирча биринчи ва учинчи сценарийларнинг айрим жиҳатлари бир вақтнинг ўзида амалга ошиши эҳтимоли юқори.

Хулоса: тарихий учрашув, аммо ҳали янги дунё тартиботи тузилди, дегани эмас!

Путин, Си Цзиньпин ва Трампнинг Шэньчжэнь учрашуви, ҳеч шубҳасиз, халқаро сиёсатда муҳим дипломатик воқеа бўлди. У глобал хавфсизликни таъминлашда йирик давлатлар ўртасидаги мулоқот қанчалик зарурлигини яна бир бор намоён этди.

Бироқ тарихий учрашувнинг ўзи тарихий келишув дегани эмас. Янги дунё тартиботи ҳақида қатъий хулоса чиқариш учун уч мамлакатнинг кейинги амалий қарорлари, Украинадаги уруш бўйича позициялари, ядровий қуролланишга доир музокаралари ва иқтисодий муносабатларидаги ўзгаришларни кузатиш зарур.

Шэньчжэнда уч давлат раҳбари бир стол атрофида ўтирди. Аммо улар янги халқаро тартибнинг умумий қоидалари бўйича келишиб олдими-йўқми, буни фақат кейинги сиёсий қарорлар кўрсатади. Шу маънода, 19 ноябрь саммити бир қутбли дунёнинг расман тугаганини эълон қилган воқеа эмас, балки кўп қутбли халқаро тизим шаклланиши жараёнидаги муҳим сиёсий белги сифатида тарихга кириши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid